Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга давлат ташрифи натижалари Деҳлида муҳокама қилинди
Сентябрь 08, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 82
ДЕҲЛИ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонасида Ҳиндистон – Марказий Осиё жамғармаси (ICAF) билан ҳамкорликда “Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда ICAF директори, MERI Халқаро тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор Рамакант Двиведи, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси ва ICAF вице-президенти Гитеш Сарма, “ANI News” ва “Print Online” нашрлари журналистлари ҳамда ўзбек талабалари ва дипломатлар иштирок этдилар.
Шунингдек, видеоконференцалоқа воситасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Дипломатия академияси директори Абдусамат Ҳайдаров ва Ҳиндистон эксперт-академик доиралари вакиллари онлайн тарзда қатнашдилар.
Элчи Сардор Рустамбаев ўз нутқида иштирокчиларга Бош вазир Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги олий даражадаги тадбирлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, расмий учрашувлар, уларда муҳокама қилинган асосий масалалар ҳамда эришилган муҳим келишувларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, ушбу давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон кенг қамровли стратегик шерикликни йўлга қўйгани ўзаро ишонч ва сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан тарихий аҳамият касб этди.
Ҳиндистон вакиллари, ўз навбатида, Модининг ташрифи Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида амалга оширилгани катта рамзий ва сиёсий маънога эга эканини алоҳида қайд этдилар.
ICAF вице-президенти Гитеш Сарма Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсат нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиё минтақасини тубдан ижобий томонга ўзгартирганини эътироф этди. Профессор Р.Двиведи эса Ҳиндистон эксперт доиралари икки томонлама стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан бойитишдан манфаатдор эканини билдирди.
Муҳокамалар якунида ҳиндистонлик экспертлар олий даражада эришилган келишувларни кенг жамоатчиликка ва сиёсий доираларга етказишда ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантиришда фаол кўмаклашишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси