Тошкент ва Рига ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатларига экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилмоқда
Июль 18, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 99
РИГА, 18 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Латвия ўртасида тўқимачилик соҳасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги вакиллари, Латвиянинг тўқимачилик маҳсулотлари импортчилари ҳамда юртимизнинг Рига шаҳридаги фахрий консули Виктор Гальперин иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг имкониятлари, экспорт салоҳияти ҳамда Европа Иттифоқи бозори билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Латвия томони ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, мамлакатимиз тўқимачилик маҳсулотларининг сифати, рақобатбардошлиги ва Европа бозори талабларига мослигини юқори баҳолади.
Шунингдек, мулоқотда тўғридан-тўғри етказиб бериш йўлларини йўлга қўйиш, барқарор дистрибуция тармоқларини шакллантириш, ишончли ҳамкорларни жалб этиш ҳамда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Болтиқбўйи билан бир қаторда Скандинавия бозорларида ҳам фаол тарғиб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро кўргазма ва бизнес-форумларда иштирокини таъминлаш, импорт қилувчилар ва савдо тармоқлари билан B2B учрашувларини ташкил этиш ҳамда узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида жорий йилнинг октябрь–ноябрь ойларида агентлик ва йирик маҳаллий тўқимачилик корхоналари раҳбарларидан иборат делегациянинг Болтиқбўйи давлатларига ташрифини ташкил этиш ҳамда импорт қилувчилар ва дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси