Тошкент Марказий Осиёдаги йирик тўқимачилик ускуналари ва технологиялари кўргазмасига мезбонлик қилади

Август 17, 2026. 13:00 • 2 дақ

93
Тошкент Марказий Осиёдаги йирик тўқимачилик ускуналари ва технологиялари кўргазмасига мезбонлик қилади

ЛОНДОН, 17 август. /“Дунё” АА/. Британиянинг “EM Insights” порталида Тошкентда ўтказиладиган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари” (CAITME 2026) 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, 8 сентябрь куни бошланадиган ушбу кўргазмада 17 мамлакатдан 250 та компания ва бренд иштирок этади. Тадбир анъанавий “Global Textile Days” ҳафталиги доирасида ташкил этилади.

CAITME МДҲ мамлакатларида ушбу форматдаги энг йирик ихтисослаштирилган кўргазма ҳисобланади. У минтақа тўқимачилик ва тикувчилик секторини жиҳозлаш ва модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш, маҳсулдорликни ошириш ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Шунингдек ўқинг

Бу йилги кўргазмада Германия, Австрия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Туркия, АҚШ, Швейцария каби етакчи тўқимачилик давлатларининг компаниялари қатнашади. Германия миллий павильон билан иштирок этади.

Тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчилари ва илғор технологиялар етказиб берувчилари орасида Rieter, Uster, Toyota, Muratec, Trützschler, Saurer, Picanol, Karl Mayer, Staubli, Shima Seiki, Epson, Itema, Brückner, Groz-Beckert сингари йирик компаниялар ҳамда соҳанинг бошқа етакчи вакиллари бўлади. Кўргазмада Ўзбекистон номидан соҳанинг етакчи иштирокчилари қатнашади.

9 сентябрь куни ўтказиладиган “TextileExpo Uzbekistan Sourcing Hub” алоҳида лойиҳа бўлади. Ўзбекистонда илк бор тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо тармоқлари, фабрикалар ва ихтисослашган компанияларнинг харидорлари сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда рақамли форматда тўғридан-тўғри B2B форматдаги музокараларни ўтказиш имкониятига эга бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш