Logo

Тошкент Марказий Осиёдаги сув танқислигига ечим топиш учун етакчиларни бирлаштиради

Январ 19, 2026. 17:18 • 2 дақ

184
Тошкент Марказий Осиёдаги сув танқислигига ечим топиш учун етакчиларни бирлаштиради

ТОШКЕНТ, 19 январь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 25–26 март кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Халқаро сув форуми – Tashkent Water Week” бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу форум ўзаро тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш учун катта имконият яратади.

Маълумки, Марказий Осиё иқлим ўзгариши, сув таъминоти ва ирригацияга бўлган эҳтиёжнинг ортиши туфайли тобора сув ресурслари танқислигига дуч келмоқда. Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини қондириш ва иқтисодиётнинг ўсиши учун сувга бўлган талабнинг ортиб бориши қишлоқ хўжалиги соҳасига қўшимча босим юклаяпти. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни талаб қилади.

Бундай шароитда сув ресурсларини самарали ва барқарор бошқариш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва Марказий Осиёнинг глобал сув айланишидаги жараёнга бевосита таъсир кўрсатадиган стратегик устувор йўналишга айланмоқда.

“Tashkent Water Week 2026” давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи олимлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамиятини бирлаштириб, сув хавфсизлиги бўйича трансчегаравий таҳдидларни муҳокама қилиш, инновацион бошқарув ва технологик ечимларни намойиш этиш имконини бермоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий стратегияларни ишлаб чиқиш учун платформа яратади.

Мазкур халқаро форум минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва сувдан фойдаланишнинг барқарор моделларини илгари суришга қаратилган бўлиб, Марказий Осиёнинг узоқ муддатли сув ва иқтисодий ривожланишини таъминлайди.

Сўнгги йилларда минтақа давлатларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга бағишланган халқаро конференциялар, маслаҳат учрашувлари ва эксперт мулоқотлари ўтказилди. Шу нуқтаи назардан, “Tashkent Water Week 2026” минтақавий ва глобал миқёсда сув ресурсларини бошқаришга замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун кўп томонлама платформани шакллантириш орқали ҳамкорликнинг мавжуд форматларини тўлдириш ва ривожлантиришга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш