Ўзбекистон ва Туркия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиради
Январ 13, 2026. 12:15 • 2 дақ
• 222
ИСТАНБУЛ, 13 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Туркиянинг етакчи институционал ва хусусий тузилмалари билан қатор учрашувлар ташкил этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган учрашувларда делегация аъзолари Туркия палаталар ва биржалар иттифоқи ҳамда турк фармацевтика саноатининг етакчи компаниялари — “Abdi İbrahim İlaç”, “Atabay Kimya”, “Humanis Sağlık” ва “Koçak Farma İlaç ve Kimya” раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, меъёрий-ҳуқуқий базанинг изчил такомиллаштирилиши, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш ва бозорга чиқариш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон фармацевтика бозорининг юқори ўсиш салоҳияти, аҳолининг дори воситаларига бўлган барқарор ва ортиб борувчи эҳтиёжи, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари, махсус фармацевтика кластерлари ва эркин иқтисодий зоналарда тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Турк компанияларига Ўзбекистон ҳудудида қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни локализация қилиш, замонавий технологиялар трансфери ҳамда илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кенг ёритилди.
Туркия томони фармацевтика маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари, клиник тадқиқотларни ташкил этиш, сифат назорати тизими ҳамда экспорт-импорт тартиб-таомилларига доир масалалар бўйича тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида делегация вакиллари турк компанияларининг ишлаб чиқариш заводлари ва фабрикалари фаолияти билан танишди. Фармацевтлар бу ерда маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнлари, сифатни таъминлаш тизими, халқаро GMP стандартлари, илғор технологиялар ҳамда инновацион ечимлар билан яқиндан танишди. Самарали музокаралар фармацевтика соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фармацевтика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро инвестицияларни кенгайтириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туркия фармацевтика компаниялари Ўзбекистон бозорига кириш ва узоқ муддатли стратегик шерикликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси