Душанбедан муносабат: Ўзбекистон–Ўмон стратегик ҳамкорлиги Марказий Осиё учун янги геоиқтисодий имкониятлар яратади

Ноябрь 19, 2026. 16:30 • 3 дақ

• 50
Душанбедан муносабат: Ўзбекистон–Ўмон стратегик ҳамкорлиги Марказий Осиё учун янги геоиқтисодий имкониятлар яратади

ДУШАНБЕ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Гўзель Майтдинова “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, Марказий Осиёнинг Форс кўрфази давлатлари билан иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ташрифнинг асосий натижаси Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлди. Шу билан бирга, ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган 30 дан ортиқ ҳужжат тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Ташриф доирасида умумий қиймати 5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири транспорт ва логистика соҳаси ҳисобланади. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Ўмоннинг Соҳар, Салала ва Дуқм портларидан фойдаланиш ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

Хусусан, Ўмоннинг “Asyad Group” компанияси томонидан Ўзбекистондаги “Universal Logistics Services” ва “Highway Logistics Center” логистика платформаларида назорат улушларининг сотиб олиниши икки мамлакат транспорт инфратузилмасининг ўзаро интеграциялашуви учун амалий замин яратмоқда.

Шунингдек ўқинг

Маскатда Ўмон, Эрон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари ўртасида ўтказилган учрашув ҳам минтақавий транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда қуруқлик транспорти, транзит ва логистика хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Бу Марказий Осиёнинг денгиз портларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришда уч томонлама ҳамкорлик форматининг аҳамиятини кўрсатади.

Саноат кооперацияси, энергетика, рақамли технологиялар, молия, туризм ва минерал ресурсларни ўзлаштириш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди. Жумладан, кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни давлатларга экспорт қилиш бўйича келишувлар минтақавий саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Мазкур жараёнлар Тожикистон учун ҳам муҳим амалий имкониятларни юзага келтиради. Хусусан, Ўзбекистоннинг логистика платформалари ва Ўмон портларидан фойдаланиш орқали Тожикистон маҳсулотларини Форс кўрфази, Жанубий Осиё ва Шарқий Африка бозорларига етказиб бериш имкониятлари кенгайиши мумкин. Бу, айниқса, алюминий, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуруқ мевалар ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти учун долзарбдир.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида стратегик шерикликнинг йўлга қўйилиши икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини, Марказий Осиёнинг Форс кўрфази давлатлари билан савдо-иқтисодий, транспорт ва инвестициявий алоқаларини кенгайтириш жараёнини ифодалайди.

Ушбу ҳамкорликнинг изчил ривожланиши минтақавий иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамлаш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва Марказий Осиё давлатларининг жаҳон бозорларидаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш