Тошкентда Буюк Британиянинг етакчи компанияси билан "ақлли шифохона" концепциясини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
Февраль 09, 2026. 10:39 • 59 сония
• 93ТОШКЕНТ, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Буюк Британиянинг “International Hospitals Group” (IHG) компанияси раҳбари Честер Кинг билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда руҳий саломатлик йўналишида “Халқаро стандартларга асосланган амбулатор ва стационар даволаш муассасасини ташкил этиш” лойиҳаси муҳокама қилинди. Шунингдек, замонавий “ақлли шифохона” концепциясини жорий этиш, рақамли бошқарув тизимлари, кадрлар малакасини ошириш ва менежмент масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Честер Кинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги психиатрия ҳамда наркология хизматлари муассасаларига ташриф буюрганини таъкидлаб, Ўзбекистонда руҳий саломатлик йўналишида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолади. Шу ўринда, компания раҳбари нафақат давлат, балки нодавлат тиббиёт муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар тиббий хизмат сифати халқаро стандартлар даражасига кўтарилиши, аҳоли учун замонавий ва самарали ёрдам таъминланиши ҳамда британиялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда руҳий саломатлик хизматини барқарор ривожлантиришга келишиб олдилар.
“International Hospitals Group” Британиянинг етакчи халқаро тиббий инфратузилма компанияси бўлиб, дунёда руҳий саломатлик соҳасида халқаро стандартларга асосланган амбулатор ва стационар клиникаларни лойиҳалаштириш ва барпо этишда катта тажрибага эга. Компания ҳозирда Яқин Шарқ давлатларида фаолият олиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


