Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон саноат кооперациясининг янги йўналишларини муҳокама қилмоқда

Февраль 09, 2026. 10:25 • 2 дақ

109
Ўзбекистон ва Ҳиндистон саноат кооперациясининг янги йўналишларини муҳокама қилмоқда

МУМБАЙ, 9 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги Қорақалпоғистонда «Kungrad Salt Free Zone» саноат зонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарори ижросини изчил таъминлаш доирасида мамлакатимиз элчиси Сардор Рустамбоев «Tata Chemicals Limited» компаниясининг стратегия ва лойиҳалар бўйича директори Ражеш Камат билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 37 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард доллардан ошгани ва икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётгани шароитида томонлар кимё саноатида юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни муҳокама қилди.

Музокаралар давомида «Kungrad Salt Free Zone» саноат зонасини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Асосий эътибор Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзли шарт-шароитлар ва преференцияларга, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар натижаларига қаратилди.

Ражеш Камат янги лойиҳага катта қизиқиш билдириб, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг муҳим жиҳатларини, жумладан, саноат зонасининг табиий газ, тоза сув, электр энергияси ва темир йўл инфратузилмаси билан таъминланганлик даражасини атрофлича муҳокама қилди. «Tata Chemicals» вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.

Учрашувда логистика ва маҳсулот сотиш бозорлари масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон вакиллари маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки Марказий Осиё, МДҲ, Европа мамлакатлари ва бошқа минтақаларга экспорт қилишнинг кенг имкониятлари ҳақида маълумот берди. Қатор давлатлар билан махсус савдо режимлари мавжудлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг GSP+ бенефициари мақомига эгалиги қўшимча устуворликлар тақдим этиши таъкидланди.

«Tata Chemicals Limited» компаниясининг стратегия ва лойиҳалар бўйича директори «Kungrad Salt Free Zone» салоҳияти билан бевосита танишиш ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш имкониятларини батафсил ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди.

Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадам бўлиб, йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишда ўзаро манфаатдорликни намойиш этди.

«Tata Chemicals Limited» машҳур «Tata Group» глобал конгломератининг таркибий қисми бўлиб, кальцийланган сода ва ош тузи ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Компания барқарор ривожланиш ва юқори технологиялар соҳасида тан олинган халқаро экспертдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш