Ўзбекистон ва Хитой чўлланишга қарши курашиш йўналишида тажриба алмашди
Февраль 07, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 126
ПЕКИН, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан ўзбекистонлик мутахассислар учун Хитойнинг Нинся-Хуэй туманининг чўлланишга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини ўрганишга бағишланган онлайн семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси, Нинся-Хуэй тумани Ташқи ишлар бошқармаси, Ўрмон ва чўл хўжалиги бошқармаси, Чўлланишга қарши ҳамкорлик маркази, Экологик тикланиш бўлими, Нинся ўрмонларни ўрганиш ва режалаштириш институти вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида хитойлик экспертлар иштирокчиларни чўлланишга қарши курашиш, шўрланган ерларни яхшилаш ва юқори самарали сувни тежаш усуллари ҳақида тўхталиб ўтди. Ҳамкорликнинг мавжуд механизмларидан фойдаланиш, хусусан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва экологик ҳамкорлик намунасини яратиш борасида ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот жараёнида “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида Нинсяда ташкил этилган Чўлланишга қарши ҳамкорлик маркази бўйича эришилган амалий ютуқлар билан таништирди.
Иштирокчилар бир хил мўътадил-континентал иқлимга эга бўлган Ўзбекистон ва Хитой қурғоқчилик, сув танқислиги ва шўрхок тупроқларни бошқариш каби умумий муаммоларга дуч келаётгани, экологияни ҳимоя қилиш ва ривожланишга ҳисса қўшиш истаги борлигини таъкидлади. Икки мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тўплаган амалий тажрибаси уларнинг бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлигига мустаҳкам замин яратди.
Чўлланишга қарши курашиш соҳасида белгиланган мақсадларни амалга ошириш мақсадида томонлар жойлардаги тажрибани ўрганиш учун мутахассисларнинг ҳудудларга қўшма сафарларини ташкил этишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
