Аичи–Нагоя–2026: Ўзбекистон делегацияси 42 спорт турида юрт шарафини ҳимоя қилади

Сентябрь 20, 2026. 13:30 • 2 дақ

82
Аичи–Нагоя–2026: Ўзбекистон делегацияси 42 спорт турида юрт шарафини ҳимоя қилади
Аичи–Нагоя–2026: Ўзбекистон делегацияси 42 спорт турида юрт шарафини ҳимоя қилади
Аичи–Нагоя–2026: Ўзбекистон делегацияси 42 спорт турида юрт шарафини ҳимоя қилади
Аичи–Нагоя–2026: Ўзбекистон делегацияси 42 спорт турида юрт шарафини ҳимоя қилади

АИЧИ-НАГОЯ, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ХХ Осиё ўйинларига старт берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

16 кун давом этадиган ушбу нуфузли қитъа мусобақасида Осиёнинг 45 давлатидан 11 минг нафардан зиёд иштирокчи спортнинг 43 тури бўйича баҳс олиб боради.

Нагоя шаҳридаги “Paloma Mizuho” стадионида Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Спорт делегациялари парадида Ўзбекистон байроғини бокс бўйича жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев ҳамда қиличбозлик бўйича “Ханчжоу–2022” Осиё ўйинлари чемпиони Гулистон Пердебаева баланд тутди.

Ўзбекистон делегацияси таркибида 396 нафар спортчи ¬¬– 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл 42 спорт турида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир.

Аичи–Нагоя–2026 Ўзбекистон спортчилари учун “Лос-Анжелес–2028” Олимпия ўйинларига тайёргарлик йўлидаги муҳим босқич саналади. Айрим спорт турларида Олимпиада йўлланмалари учун ҳам баҳслар кечиши мусобақанинг аҳамиятини янада оширади.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар ММА, триатлон, велоспорт, ўқ отиш, замонавий бешкураш, чим устида хоккей, соҳил волейболи, каратэ, стол тенниси, гандбол, сув полоси ва ушу бўйича баҳсларга киришади.

Триатлон ва велоспортда спортчиларимиз медаллар учун кураш олиб боради. Триатлонда Жереми Куиндос ва Александр Куришов эркаклар яккалик финалида, Алина Ҳакимова ва Диана Бектимирова эса аёллар яккалик финалида старт олади. Велоспортда Янина Кускова ва Никита Цветков индивидуал баҳсларда медаль учун баҳслашади.

Каратэда Ҳумоюнмирзо Ҳалимов, Меҳриддин Тўрахонов ва Бону Эгамбердиева медаль йўлида татамига чиқади. Ушу баҳсларида эса Фароғат Нурмаматова, Авазбек Маҳамаджонов ва Дониёр Турғунбоев ўз имкониятларини синовдан ўтказади.

Жамоавий спорт турларида ҳам Ўзбекистон вакилларини муҳим учрашувлар кутмоқда. Чим устида хоккейда аёллар термаси Ҳиндистон, эркаклар термаси Малайзияга қарши майдонга тушади. Стол теннисида аёллар ва эркаклар жамоалари Япония билан баҳслашса, гандболда Ўзбекистон қизлар термаси Японияга қарши ўйнайди. Сув полоси бўйича эса вакилларимиз Хитой термаси билан куч синашади.

ММА, соҳил волейболи ва бошқа спорт турларидаги баҳслар ҳам Ўзбекистон делегацияси учун муҳим синов бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш