Туркия ва Ўзбекистон ўртасида мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Сентябрь 25, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 80
АНҚАРА, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) раиси Абдулла Эрен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, маданият, таълим ва бошқа устувор йўналишлардаги техник кўмак лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Қорақалпоғистоннинг қишлоқ ҳудудларида тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва тезкор ташхислашни таъминлаш ташаббуси доирасида 12 та тумандаги тиббиёт муассасаларига мобил ультратовуш аппаратлари топширилди.
Шунингдек, Андижон вилоятидаги ногиронлиги бўлган болалар учун “Меҳрибонлик уйи”ни жиҳозлаш ишлари якунланди. Бундан ташқари, Бухородаги Арк қалъаси ҳудудида жойлашган масжидни реставрация қилиш учун зарур рухсатномалар олинди ва яқин вақт ичида ишларни бошлаш режалаштирилган.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган лойиҳа доирасида октябрь–ноябрь ойларида мамлакат ҳудудларидаги туғруқ бўлимларига 35 та неонатал инкубатор, техникумларга эса 35 та интерактив доска етказиб бериш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ташаббуси билан икки мамлакат Ташқи ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
TİKA 61 мамлакатда дастурларни мувофиқлаштирувчи 63 та офис орқали фаолият юритади ва 170 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган фаолият доирасида 33 мингдан ортиқ лойиҳа ва тадбирларни амалга оширган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси