Каспий денгизида ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистонда умуммиллий мотам эълон қилинди

Сентябрь 25, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 74
Каспий денгизида ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистонда умуммиллий мотам эълон қилинди

ОСТОНА, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Манғистау вилоятида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан Қозоғистонда умуммиллий мотам эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazinform” халқаро ахборот агентлигига таяниб.

Фожиа кеча Каспий денгизи қирғоғида ўқув-жанговар топшириқни бажариш чоғида содир бўлди. Об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши оқибатида ҳарбий хизматчилар денгизда қолиб кетган.

Дастлаб тўққиз киши ҳалок бўлгани ва уч киши қутқарилгани, улардан бири касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етгани, яна икки нафар ҳарбий хизматчини қидириш ишлари давом этаётганини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар рўйхатини ҳам эълон қилди.

Содир бўлган воқеа юзасидан Қозоғистон Бош прокуратураси жиноят иши қўзғатди. Тергов учун ИИВ, ФВВ ва прокуратура ходимлари иштирокида тезкор-тергов гуруҳи тузилди, зарур суд экспертизалари тайинланди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди ҳамда воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш, ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишни топширди.

“Хазар Қорғани – 2026” ҳарбий-денгиз машғулотлари 22 сентябрь куни Каспий денгизининг Қозоғистон секторида бошланган эди. Унда 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, Ҳарбий-денгиз кучларининг кема ва катерлари, гидрографик кемалар, МХҚ Чегара хизмати Қирғоқ қўриқлаш бўлинмалари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари авиацияси иштирок этди.

Фожиа сабабларини тергов қилиш давом этмоқда, айни пайтда тақдири номаълум бўлиб қолаётган икки нафар ҳарбий хизматчини қидириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

“Kazinform” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш