Шахмат олимпиадаси якунига 3 тур қолди, ҳозирча Ўзбекистон етакчи
Сентябрь 25, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 114САМАРҚАНД, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳал қилувчи босқичга кирди: 11 турдан иборат мусобақанинг 8 тури якунланиб, совринли ўринлар учун кураш тобора кескин тус олмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
8-турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Германия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов Винсент Каймер билан дуранг ўйнади. Жавоҳир Синдоров Блуебаум устидан ғалаба қозонган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов Фредерик ва Расмус Свейнсга мағлуб бўлди. Шу тариқа, Германия Ўзбекистонни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.
8-турдан сўнг Ўзбекистон-1 14 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринни сақлаб қолди. Германия ҳам 14 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича иккинчи поғонадан жой олди. Хитой, Нидерландия, АҚШ, Озарбайжон, Ҳиндистон, Франция, Арманистон ва Ўзбекистон-2 жамоалари 13 очкодан тўплаган.
Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси учун 8-тур муваффақиятли якунланди. Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева ва Гулдона Каримовадан иборат жамоа Нидерландия вакилларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу натижа Ўзбекистон аёллар жамоасининг совринли ўринлар учун имкониятларини янада мустаҳкамлади.
9-тур олдидан Хитой аёллари 15 очко билан пешқадам эди. Қозоғистон, Арманистон ва Мўғулистон 14 очкодан, Ҳиндистон, Ўзбекистон-1 ва Грузия эса 13 очкодан жамғарган.
Бугун олимпиаданинг 9-тур ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси АҚШ билан, аёллар жамоаси эса Ҳиндистон билан баҳслашади.
Эркаклар ўртасида Ўзбекистон-2 Нидерландияга қарши майдонга чиқса, Ўзбекистон-3 Қирғизистон билан куч синашади.
Аёллар мусобақасида Ўзбекистон-2 Исландия, Ўзбекистон-3 эса Италия жамоасига қарши ўйнайди.
Олимпиада 27 сентябрга қадар давом этади. Мусобақа якунига қадар яна уч тур баҳслари қолди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






