“Okaz” газетаси: 2026 йилда Ўзбекистоннинг Ҳаж мавсуми квотаси 15 мингдан ошди

Июнь 11, 2026. 17:00 • 2 дақ

45
“Okaz” газетаси: 2026 йилда Ўзбекистоннинг Ҳаж мавсуми квотаси 15 мингдан ошди

АР-РИЁЗ, 11 июнь /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг машҳур “Okaz” газетасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназарнинг ҳаж мавсуми якунлари, ўзбекистонлик ҳожилар учун яратилган шароитлар ва икки томонлама алоқалар тўғрисидаги интервьюси эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат ҳижрий 1446 йилги ҳаж мавсуми якунлари, юртимиз фуқароларининг ҳаж сафарини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига бағишланди.

Муфтий газета мухбири саволларига жавоб берар экан, бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ва уюшқоқлик билан ўтганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик зиёратчилар ибодатларни адо этиш учун яратилган шароитларни, шунингдек, кўрсатилган хизматлар ва хавфсизлик таъминоти даражасини юқори баҳолаган.

Интервьюда Ўзбекистоннинг ҳаж зиёратини ташкил этишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Шайх Нуриддин Холиқназарнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амалларини энг юқори савияда адо этиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек ўқинг

Мулоқотда, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаж зиёратини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Агар авваллари ўзбекистонлик зиёратчилар учун квота 5 200 кишини ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб ҳаж зиёратини адо этиш имкониятига эга бўлган фуқаролар сони 15 250 нафарга етказилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар жорий йилда “Президент зиёратчилари” номли янги дастур ишга туширилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Ушбу хайрли лойиҳа доирасида мамлакат тараққиёти, диний-маърифий ва ижтимоий ҳаётга салмоқли ҳисса қўшган 100 нафар Ўзбекистон фуқароси фахрий меҳмон сифатида ҳаж зиёратини адо этиш имкониятига эга бўлди.

Муфтийнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистонда ҳажга бориш истагида бўлганларни навбат асосида рўйхатга олиш бўйича ягона электрон тизим фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, зиёратни ташкил этиш учун мамлакатнинг тўққизта халқаро аэропортидан фойдаланилмоқда. Бу республиканинг турли ҳудудларидаги фуқаролар учун сафар жараёнини янада қулайлаштириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари икки мамлакатнинг мутасадди идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юқори даражада эканини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг диний идоралари ва Саудия Арабистонининг тегишли тузилмалари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ўзбекистонлик зиёратчилар учун бу йилги ҳаж мавсумини муваффақиятли ташкил этишга катта ёрдам берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш