“EU Reflect”: ТХИФ-2026 Марказий Осиёда инвестициявий мулоқотнинг асосий платформаларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
Июнь 11, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 53
БРЮССЕЛЬ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг “EU Reflect” нашрида Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026)нинг Марказий Осиёдаги етакчи сармоявий ўрни ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни илгари суришдаги аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, 16–18 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумига дунёнинг турли мамлакатларидан давлат раҳбарлари, халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ва ишбилармон доира вакиллари йиғилади.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда форум минтақавий ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш, сармояларни жалб этиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун асосий платформага айланган. Ўзбекистон бизнес юритиш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб, минтақавий инвестиция маркази сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бораётганига алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада ёзилишича, ўтган форум натижалари халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган юксак ишончини намоён этган. Қайд этилишича, ТХИФ-2025 ишида 97 давлатдан 8 мингдан ортиқ делегат иштирок этган ва имзоланган инвестиция шартномаларининг умумий қиймати 30,5 миллиард долларни ташкил қилган.
Материалда форумнинг амалий аҳамияти давлат тузилмалари, халқаро молия ташкилотлари, суверен жамғармалар ва глобал бизнес вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини тақдим этишдан иборат экани айтилган. Шу туфайли форум аниқ инвестициявий ечимларни ишлаб чиқиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни ишга туширишга кўмаклашмоқда.
Нашр, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форумини иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш ва Марказий Осиёнинг сармоявий имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим омили деб биладиган хорижий экспертларнинг фикрларини ҳам келтирган.
“EU Reflect” хулосасида ТХИФ-2026 Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада юксалтириш, унинг халқаро инвестиция архитектурасидаги ўрнини мустаҳкамлаш ва жаҳон капитал бозорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси