Жанубий Кореядаги халқаро саммитда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари намойиш этилди
Октябрь 30, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 100СЕУЛ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган “Global City Tourism Summit” халқаро саммитида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, туристик имкониятлари ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган нуфузли тадбирда шаҳарлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор туризмни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда маданий меросни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.
Саммитнинг “Ambassadors’ Session” сессиясида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайёҳлар учун яратилган қулай шароитлар ва хавфсизликни таъминлаш чоралари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг тарихий обидалари, маданий мероси ҳамда туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш орқали кореялик сайёҳлар оқимини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Mayors’ Roundtable” давра суҳбатида Самарқанд шаҳри ҳокимининг ўринбосари Юнус Бобоназаров шаҳарнинг туризм соҳасидаги ютуқлари ва истиқболдаги режаларини тақдим этди.
Юнус Бобоназаровнинг қайд этишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Самарқанд вилоятига 5 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравар кўпдир.
Мазкур давр мобайнида вилоятда 120 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари фойдаланишга топширилди. Зиёрат туризми инфратузилмаси такомиллаштирилиб, тоғли ҳудудларда янги дам олиш масканлари барпо этилди.
Саммитда Жанубий Корея ва Марказий Осиё ўртасида туристик алмашинувларни кенгайтириш, тиббий, маданий ва таълим туризмини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“HanaTour” сайёҳлик компанияси вакили Хван Сон Окнинг маълум қилишича, 2022–2026 йилларда компания 30 мингдан ортиқ жанубий кореялик сайёҳ учун Марказий Осиёга сафарлар уюштирган. Барча сафарларнинг 98 фоизи Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келган.
Тадбир доирасида ташкил этилган халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилиги, маданий мероси ва замонавий туристик йўналишлари намойиш қилинди.
Ўзбекистон стендига ташриф буюрган Пусан шаҳри Донгу тумани ҳокими Кан Чхоль Хо мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги туризм ва иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг “Global City Tourism Summit”даги иштироки халқаро алоқаларни кенгайтириш, Корея бозорида миллий сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилиш ҳамда минтақа шаҳарлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



