Европалик тадбиркорлар Бухоро вилояти ишбилармонлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Октябрь 30, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 93ФРАНКФУРТ-МАЙН, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Германия Кичик ва ўрта корхоналар федерал бирлашмаси (BVMW) ҳамда Европа кичик ва ўрта бизнес уюшмалари конфедерацияси (CEA-PME) вакилларининг Бухоро вилоятига бизнес-миссияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу сафар Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида амалга оширилди. Унга CEA-PME бош котиби Штефан Моритс ва Германиянинг “McKey International GmbH” компанияси бош директори Маҳмуджон Расулов бошчилик қилди. Делегация таркибидан Италия, Бельгия ва Эстония ишбилармон доиралари вакиллари ўрин олди.
Ташриф давомида “Buxoro Agroklaster” агросаноат ва тўқимачилик кластери раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Томонлар узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари, корхона маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорига олиб чиқиш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Европалик тадбиркорлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатнинг инвестициявий имкониятлари ва маҳаллий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларини ижобий баҳолади.
Ташриф якунида иштирокчилар Ўзбекистон компаниялари билан музокаралар олиб бориш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



