Берлинда ва Мюнхенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди

Октябрь 26, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 126
Берлинда ва Мюнхенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди

БЕРЛИН, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтидаги “Bristol Berlin” ва Мюнхен шаҳридаги “Bayerischer Hof” меҳмонхоналарида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган қўшма роуд-шоулар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирлар Ўзбекистон Туризм қўмитаси, “Миллий PR-маркази” ДУК ва Озарбайжон Туризм бюроси ўртасида 2026 йил июль ойида имзоланган меморандум доирасида ташкил этилди. Уларнинг асосий мақсади Германия бозорида “Joint Silk Road Highlights Tour” (“Буюк ипак йўлининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб қўшма тур”) лойиҳасини илгари суриш ҳамда икки мамлакатни ягона туристик маршрут доирасида бирлаштирувчи турпакетларни оммалаштиришдан иборат.

Германиядаги тадбирларда мамлакатимиз делегацияси таркибида “Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари, “Tour Link”, “Orient Mice DMC”, “Sitara Travel”, “AROUND CA”, “KAZIN DMC” туроператорлари, шунингдек, Озарбайжон сайёҳлик компаниялари вакиллари, Германиянинг етакчи туроператорлари ва турагентликлари иштирок этди.

Тақдимотлар чоғида Боку, Шемаха, Шеки, Хива, Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарларни боғловчи туристик йўналиш имкониятлари таништирилди. Икки мамлакатнинг бой маданий-тарихий мероси, туристик манзиллари ва саёҳатчилар учун яратилган шароитлар ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

B2B форматидаги учрашувларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма турпакетларни шакллантириш ва уларни Германия туроператорлари дастурларига киритиш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотлар чоғида янги сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилиш ҳамда икки мамлакатга сайёҳлар оқимини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий дастур доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон санъат усталарининг чиқишлари иштирокчиларни икки халқнинг миллий санъати ва анъаналари билан таништирди. Хусусан, ўзбек маданиятини хорижда оммалаштиришга ҳисса қўшиб келаётган “Дўстлик” ансамблининг чиқишлари меҳмонларга байрамона кайфият улашди.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик брендини мустаҳкамлаш, Германия сайёҳлик компаниялари билан амалий алоқаларни кенгайтириш ҳамда Европа бозорида Ипак йўли меросига асосланган қўшма туристик маҳсулотларни оммалаштиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш