Швециялик сайёҳларга Ўзбекистоннинг туристик йўналишлари тақдим этилди
Октябрь 24, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 108СТОКГОЛЬМ, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида катта ёшли фаол саёҳатчиларга мўлжалланган халқаро “Senior Travel Show” кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий туристик стенди намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон делегациясининг иштироки республика Туризм қўмитасининг Миллий PR-маркази кўмагида мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Миллий стендда ташриф буюрувчиларга мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, жумладан, Буюк ипак йўлининг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари, шунингдек, маданий-маърифий, зиёрат, гастрономик ва экотуризм йўналишлари таништирилди. Меҳмонларга инглиз тилидаги видео материаллар, ахборот буклетлари ва маршрут хариталари, шунингдек, миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди.
Швеция фуқаролари учун жорий этилган визасиз режим, асосий туристик марказлар ўртасидаги юқори тезликдаги темир йўл қатнови ҳамда қулай саёҳатларни бой маданий дастур билан уйғунлаштириш имкониятлари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, меҳмонлар саёҳат қилиш учун энг қулай мавсумлар билан қизиқиб, Ўзбекистон улар учун хавфсиз, меҳмондўст ва ҳали оммавийлашмаган йўналиш сифатида қабул қилинишини қайд этдилар.
Швециянинг “RESENÄREN” сайёҳлик журнали бош муҳаррири Александр Олин ва Ўзбекистоннинг “Avrud Tour” туроператори вакили ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган алоҳида тақдимот ҳам ўтказилди.
Иштирокчилар туристик маршрутлар, транспорт логистикаси, хизмат кўрсатиш даражаси ва саёҳат харажатлари ҳақида амалий маълумотлар олдилар, шунингдек, туроператор билан бевосита боғланиш имкониятига эга бўлдилар. Тингловчилар шахсий ва гуруҳли турлар бўйича саволлар бериб, айримлар яқин сайёҳлик мавсумида Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятида эканликларини билдирдилар.
Тақдимот, шунингдек, Швеция оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини янада кенгроқ ёритиш учун замин яратди.
Александр Олиннинг баҳолашига кўра, Ўзбекистоннинг швециялик аудитория учун жозибадорлиги Буюк ипак йўлининг ноёб мероси, маданий анъаналарнинг сақланиб қолгани, меҳмондўстлик, хавфсизлик ва ҳали оммавий тус олмаган йўналишни кашф этиш имконияти билан изоҳланади. Унинг фикрича, мамлакатнинг Швеция сайёҳлик бозорида бевосита иштирок этиши унинг саёҳат учун муносиб йўналиш сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


