“UA.News”: Ўзбекистоннинг яқин ўн йилликдаги тараққиёт дастурлари Украина жамоатчилиги диққат марказида

Сентябрь 08, 2026. 14:30 • 2 дақ

52
“UA.News”: Ўзбекистоннинг яқин ўн йилликдаги тараққиёт дастурлари Украина жамоатчилиги диққат марказида

КИЕВ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Украинанинг “UA.News” ахборот порталида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда келгуси ўн йилликка мўлжалланган устувор вазифаларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”  АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Янги Тошкент ҳудудида бўлиб ўтган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, қонун устуворлиги, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва ташқи сиёсат соҳаларини қамраб олувчи еттита миллий дастур эълон қилинди.

Иқтисодий ва ижтимоий мақсадлар ҳақида сўз борганда, манба келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш ва 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш режалаштирилганини ёзади.

Шунингдек ўқинг

 Шунингдек, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш, стартаплар, венчур капитали ва сунъий интеллектни устувор йўналиш сифатида ривожлантириш назарда тутилган. Таълим соҳасида 6 ёшли болаларни тайёрлов таълими билан тўлиқ қамраб олиш, 1 миллион ёшни даромади юқори касбларга ўргатиш ва камида 10 та олийгоҳни топ-1000 таликка киритиш ҳамда сув тежовчи технологияларни барча экин майдонларида жорий этиш каби мақсадлар белгиланган.

Украина нашри, шунингдек, тадбир ўтказилган Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига тўхталиб, у 20 минг гектар майдонни эгаллагани ва 2 миллион аҳолига мўлжалланганини билдиради. Ташқи сиёсий майдонда эса Ўзбекистон очиқ ва прагматик сиёсатни давом эттириши, Марказий Осиё, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб дунёси билан ҳамкорликни кенгайтириши ҳамда 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатида раислик қилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш