Таниқли иқтисодчи Жеффри Сакс Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий қиёфасини юксак баҳолади

Сентябрь 07, 2026. 15:30 • 2 дақ

143
Таниқли иқтисодчи Жеффри Сакс Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий қиёфасини юксак баҳолади
Таниқли иқтисодчи Жеффри Сакс Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий қиёфасини юксак баҳолади
Таниқли иқтисодчи Жеффри Сакс Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий қиёфасини юксак баҳолади

НЬЮ-ЙОРК, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Нью-Йоркда таниқли иқтисодчи, Колумбия университети профессори, БМТнинг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (UN SDSN) президенти Жеффри Сакс билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Marco Polo Drive” ташаббусига бағишланган тадбирда “Forum for World Education” президенти Чен Ян Девис, доктор Сони Сакс, шунингдек, Хитой, Словения, Грузия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакиллари қатнашди.

“Marco Polo Drive” ташаббуси Ипак йўли йўналиши бўйлаб 15 минг километр масофани қамраб олган 43 кунлик саёҳатни ўз ичига олди. Сафар доирасида туристлар Европа ва Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бўлишди.

Ташриф давомида маданиятлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор тараққиёт, технологик ҳамкорлик ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Профессор Жеффри Сакс Ипак йўли йўналиши доирасида зиёрат қилинган шаҳарлар ҳақида сўзлар экан, Самарқанднинг тарихий-маданий мероси ва замонавий қиёфасини юксак баҳолади. У Самарқандни “сайёрамиздаги энг гўзал маскан” дея таърифлаб, унинг тарихий аҳамияти ва замонавий динамикаси ўзига хос тарзда уйғунлашганини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Эксперт Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётгани ва йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилаётганини ҳам эътироф этди. Унинг фикрича, Шарқ ва Ғарб мамлакатларидан сармоядорлар ва ҳамкорларнинг фаоллашаётгани иқтисодий ва инфратузилмавий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдони кенгайтириш ҳамда минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга ёрдам бермоқда.

У Нукус шаҳри ва И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Жеффри Сакс ушбу маскан унда катта таассурот қолдирганини билдирди. Профессор музейни таърифлар экан, унинг жойлашуви ва маданий аҳамиятининг ноёблигини урғулаб, уни “Саҳродаги Лувр” деб атади.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, айнан Нукусда Игорь Савицкий авангарднинг асл дурдоналари — атоқли рассомлар асарларини тўплашга муваффақ бўлган. У музей тўпламининг беқиёс қимматини таъкидлаб, Игорь Савицкий коллекцияси жаҳон аҳамиятига молик нодир маданий мерос эканини қайд этди.

Олимнинг фикрича, Нукусда музейнинг яратилиши ва санъат асарларининг сақлаб қолиниши тарихи маданий қадриятлар географик, сиёсий ва тарихий чегаралардан ўтиб, инсонлар ва цивилизацияларни бирлаштиришга қодир эканини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш