Logo

ЮНЕСКОда Халқаро она тили куни кенг нишонланди

Февраль 23, 2026. 09:00 • 2 дақ

111
ЮНЕСКОда Халқаро она тили куни кенг нишонланди
ЮНЕСКОда Халқаро она тили куни кенг нишонланди
ЮНЕСКОда Халқаро она тили куни кенг нишонланди

ПАРИЖ, 23 февраль. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистон доимий ваколатхонаси ташаббуси билан Бангладеш доимий ваколатхонаси ва ташкилот котибияти ҳамкорлигида Халқаро она тили кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқаро она тили куни 1999 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан эълон қилинган ва ҳар йили 21 февралда нишонланади. Ушбу халқаро сана тил ва маданий хилма-хилликни тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишга, шунингдек, анъаналар, қадриятлар ва анъанавий билимларни авлоддан-авлодга етказишда она тилларининг муҳим ролини эътироф этишга хизмат қилади.

Жорий йилда шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда ЮНЕСКО бош директори Халед ал-Анани, ЮНЕСКО Бош конференцияси раиси Хондкер Муҳаммад Талха, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Нассер Ҳамад Ҳинзаб, аъзо давлатлар таълим ва маданият вазирлари ҳамда бошқа юқори мартабали шахслар ва экспертлар иштирок этди.

Хусусан, “Тинчлик, таълим ва барқарор ривожланиш учун тил” мавзусидаги олий даражадаги учрашув доирасида кўп тилли таълим тизимларини яратишда эришилган ютуқлар, соҳадаги илғор тажрибалар, шунингдек, тинчлик, барқарор ривожланиш ва инклюзивликни илгари суришда кўп тилли таълимнинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси иштирокчиларга мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг таълим олиши, она тилини ўрганиши учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги, ифода имкониятлари, бой адабий мероси ва ўзига хос тарихий тараққиёт йўлига эга эканлиги таъкидланди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимизнинг ўзбек тили ривожига қўшган ҳиссаси, бой адабий мероси алоҳида қайд этилди.

Иштирокчиларга юртимизда ўзбек тилини илмий асосда ўрганиш, уни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга бўлган қизиқиш ва имкониятларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.

Бундан ташқари, Халқаро она тили кунини нишонлаш доирасида миллий таомлар фестивали ташкил этилди. Тадбир меҳмонларига ўзбек миллий таомлари, жумладан, Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган ўзбек палови тақдим этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш