Анқарадан муносабат: Туркия ва Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициялари тобора уйғунлашиб бормоқда
Февраль 23, 2026. 09:41 • 2 дақ
• 72
АНҚАРА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. “EkoAvrasya” Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси раҳбари Ҳикмет Эрен “Дунё” АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17–19 февраль кунлари АҚШга амалга оширган ташрифи ва Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишидаги иштироки ҳақида фикр билдирди:
– Очиғини айтганда, Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон етакчиси томонидан кўплаб таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Ғазода уй-жой, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишида иштирок этишга тайёрлиги ҳақидаги баёноти эътирофга лойиқ. Ҳатайдаги ўзбек маҳалласининг қурилиши Ўзбекистон томонининг сўзлари шунчаки янграмаслигини аллақачон исботлади.
Газода мактаблар ва шифохоналар қуриш орқали ижтимоий инфратузилмани тиклаш келажакнинг нормал ҳаётига сармоя киритишдир. Бу ҳаракатлар болаларнинг сирена овозини эшитмай улғайишига сармоя киритишдир. Амалга оширилаётган ташаббуслар жамият учун тинчликда яшашни қайта ўрганиш имкониятидир. Бундай ёндашув моҳиятан “Инсон қадри учун” тамойилини акс эттиради.
Анқара нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, яна бир деталь намоён бўлади: Туркия ва Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициялари тобора уйғунлашиб бормоқда. Гуманитар дипломатия, можаролардан кейин тикланиш, мавҳум резолюциялар ўрнига амалий ёрдам – буларнинг барчаси яхши таниш услуб.
Яна бир муҳим жиҳат бор: туркий давлатларнинг глобал гуманитар ташаббусларда фаоллашиши тасодиф эмас. Узоқ вақт давомида ўзгалар манфаатлари кесишадиган макон сифатида қаралган минтақа эндиликда ўз кун тартибини ўзи шакллантирмоқда.
Умуман олганда, Мирзиёевнинг ушбу нутқи кўп қутбли дунёнинг кенгроқ манзарасига табиий равишда мос келади. Масъулият ва кўп томонлама ҳамкорликка очиқлик – булар илгари асосан ички дастур сифатида янграган “Янги Ўзбекистон” ғоясининг ташқи сиёсий кўринишидир.
Ғазони қайта тиклаш ташаббуси бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда ишлайди. У Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширади, Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигига янги мазмун беради. Энг муҳими, туркий маконни нафақат сўз, балки аниқ ҳаракатлар билан тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшишга қодир субъект сифатида шакллантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
