“Uzbekistan Airways” 2027 йилда ўз акцияларини оммавий жойлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда
Сентябрь 28, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 74
КИЕВ, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Uzbekistan Airways” давлат авиакомпаниясининг акцияларини дастлабки оммавий жойлаштириш (IPO) 2027 йилга кўчирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Украинанинг “Fixygen” ахборот порталига таяниб.
Аввалроқ компания акцияларининг 15–20 фоизини 2026 йилнинг иккинчи ярмида жойлаштириш режалаштирилган эди. Ҳозирда “Uzbekistan Airways”ни трансформация қилиш ва биржага чиқишга тайёргарлик кўриш ишлари давом эттирилмоқда.
Авиакомпания учун 115 та ташаббусни ўз ичига олган дастур ишлаб чиқилган. У операцион самарадорликни ошириш, тижорат фаолияти ва йўловчиларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларини ҳамда инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш механизмларини жорий этишни назарда тутади.
Ҳисоб-китобларга кўра, дастур амалга оширилгандан сўнг “Uzbekistan Airways”нинг потенциал қиймати 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард АҚШ долларгача ўсиши мумкин. Шу билан бирга, якуний капиталлашув инвесторларнинг қизиқиши, компаниянинг молиявий ва операцион натижалари ҳамда ўтказилаётган трансформациянинг самарадорлигига боғлиқ бўлади.
Очиқ маълумотларга кўра, “Uzbekistan Airways”нинг 2025 йилдаги тушуми 18,3 триллион сўмни (қарийб 1,5 миллиард доллар) ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 4,3 фоизга ошган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси