Ўзбекистон ва Чехия қалбаки маҳсулотларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди

Октябрь 25, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 129
Ўзбекистон ва Чехия қалбаки маҳсулотларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди

ПРАГА, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Чехия мутахассислари бозор назорати, маҳсулотлар хавфсизлиги ҳамда қалбаки товарларга қарши курашиш масалаларига бағишланган онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Чехия савдо инспекцияси ва Божхона маъмурияти вакиллари, Ўзбекистон вилоятларидаги ҳудудий инспекторлар иштирок этди.

Тадбир Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги делегациясининг 2026 йил июль ойида Прагага амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида ташкил этилди. Унда Чехия томони бозор назоратини йўлга қўйиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва контрафакт товарларни аниқлаш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди.

Савдо инспекцияси ва божхона органларининг ваколатлари, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар қалбаки маҳсулотларни аниқлаш механизмлари, уларни мамлакатга олиб кириш ва бозорда муомалага киритишни чеклаш чораларини кўриб чиқдилар.

Тақдимотлар давомида Ўзбекистон томони Чехия тажрибаси юзасидан қўшимча маълумотлар ва тушунтиришлар олди. Ҳудудий инспекторларнинг иштироки жойлардаги бўлинмалар фаолиятида хорижий ёндашувларни қўллаш имкониятларини ўрганишга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш