Покистоннинг йирик савдо тармоғи супермаркетларида “Made in Uzbekistan” бўлими очилади
Октябрь 25, 2026. 09:10 • 3 дақ
• 20
ИСЛОМОБОД, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик савдо тармоқларидан бири – “Ал-Фатаҳ” компанияси бош директори Муҳаммад Анис билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Покистон бозорига етказиб бериш, уларни ушбу компания савдо тармоғи орқали сотишни йўлга қўйиш ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар ва ёнғоқлар, янги мева-сабзавотлар, дуккакли экинлар, консерва, мураббо, томат пастаси, асал, ўсимлик ёғи, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда бошқа истеъмол товарларини “Ал-Фатаҳ” савдо тармоғига етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Ал-Фатаҳ” компанияси раҳбарияти Ўзбекистонда етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган қуритилган мевалар, ёнғоқ, қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотларига юқори қизиқиш билдирди. Шунингдек, миллий услубда тайёрланадиган керамика маҳсулотлари ҳам Покистон бозорида талабга эга бўлиши мумкин бўлган истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган, ички бозорда танилган ва экспорт салоҳиятига эга тайёр бренд маҳсулотларини “Ал-Фатаҳ” тармоғига тўғридан-тўғри етказиб бериш имкониятларини ўрганишга келишиб олди. Шу билан бирга, Ўзбекистон корхоналарида “Ал-Фатаҳ” бренди остида қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа озиқ-овқат товарларини қадоқлаш лойиҳасини амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
– Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири — “Ал-Фатаҳ”нинг Лаҳор, Исломобод ва келгусида Покистоннинг бошқа шаҳарларидаги йирик савдо нуқталарида “ Made in Uzbekistan” махсус савдо бўлимларини ташкил этиш бўлади, – деди Муҳаммад Анис. – Ўзбекистон маҳсулотларининг Покистон бозорида ҳали кенг тарқалмаганини инобатга олган ҳолда, улар учун алоҳида савдо бўлимининг ташкил этилиши маҳаллий покистонлик харидорларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Дастлаб бир нечта маҳсулот турини қамраб олган пилот лойиҳани амалга ошириш, савдо натижалари ва истеъмолчилар талабини таҳлил қилиш асосида маҳсулотлар турини ва савдо нуқталари сонини босқичма-босқич кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ҳалол колбаса ва бошқа қайта ишланган гўшт маҳсулотларини Покистон бозорига экспорт қилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Белгиланган импорт, санитария ва ҳалол сертификатлаш талабларига риоя этилган тақдирда, ушбу маҳсулотларни “Ал-Фатаҳ” савдо тармоғида синов тариқасида сотиш имкониятларини ўрганиш таклифи қўллаб-қувватланди.
“Ал-Фатаҳ” савдо тармоғи 1941 йилда ташкил этилган. Мазкур савдо тармоғи бугунги кунда Покистоннинг йирик ва таниқли чакана савдо тармоқларидан бири ҳисобланади. Компания озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда маиший техника, косметика, ўйинчоқлар, саёҳат буюмлари ва бошқа истеъмол товарларини сотишга ихтисослашган.
Ҳозирда компаниянинг Покистоннинг йирик шаҳарларида 35 та савдо нуқтаси, шунингдек, франчайзинг асосида фаолият юритаётган 11 та дўкони мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси