Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади

Июнь 10, 2026. 18:00 • 2 дақ

29
Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади

ТОКИО, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги ва ўриндошлик асосида Фижидаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Фижининг Япониядаги янги тайинланган элчиси Кемуэли Найкама билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Томонлар жорий йилда Ўзбекистон ва Фижи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 16 йиллиги нишонланишини қайд этиб, кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликда ижобий динамика кузатилаётганини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Фижидаги биринчи элчиси ҳамда Фижининг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланиши икки томонлама алоқаларни янада фаоллаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув давомида сиёсий мулоқотни кенгайтириш, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликни ривожлантириш ва турли даражадаги ўзаро ташрифларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, савдо-иқтисодий, таълим, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамда иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Фижи вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва иқтисодий ўзгаришларни юқори баҳолаб, турли йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, доимий мулоқотни давом эттириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Фижи Президенти Рату Найкама Тавакеколати Лалабалавуга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш