Ўзбекистон элчихонаси халқаро гастрономик фестивалда қатнашди
Июнь 10, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 61ПРАГА, 10 июнь /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси Прагада ташкил этилган йирик халқаро гастрономик тадбир – “Элчихоналар таомлари фестивали”да иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Фестивалда Ўзбекистон миллий таомлари ва ширинликлари – палов, сомса ва бошқа таомлар тақдим этилди. Ўзбек стенди давлат байроқлари, туристик брошюралар, миллий адрас ва атлас матолари, чапонлар, сувенирлар ҳамда рубоб ва доира каби миллий мусиқий асбоблар билан безатилди. Шунингдек, фотосуратга тушиш учун махсус зоналар ташкил этилди, бу эса Ўзбекистоннинг визуал тарғиботини кенгайтирди.
Тадбирга тахминан 15 минг киши ташриф буюрди. Маҳаллий аҳоли, хорижий сайёҳлар, дипломатик корпус ва Чехияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз қатнашди. Ўзбекистоннинг фестивалдаги илк иштирокини меҳмонлар катта қизиқиш билан қарши олди.
Фестивалдан олинган фото ва видео материаллар ўзбек блогерлари ва ижтимоий фаоллар томонидан Instagram ва Facebook тармоқларида кенг тарқатилди. Шунингдек, тадбир давомида ташкилотчилар билан ишчи алоқалар ўрнатилди ва келгусида Ўзбекистоннинг Чехиядаги маданий ва ҳунармандчилик лойиҳаларида иштирокини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Элчихонанинг фестивалдаги иштироки мамлакатимизни ушбу майдонда илк бор муносиб тарзда намойиш этиш, миллий таомлар ва маданиятни тарғиб қилиш, туристик салоҳиятни ошириш, диаспора вакиллари билан ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда Чехияда Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





