Ўзбекистон ва Иордания қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Август 06, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 52
АММОН, 6 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Иордания қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий тадқиқотлар ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот генетик материалларини алмашиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Иорданиянинг “Al Mashhad Al Youm” ахборот агентлигига таяниб.
Меморандум Иордания Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Миллий қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ўртасида имзоланди.
Иордания қишлоқ хўжалиги вазири доктор Саиб Абдель Ҳалим Ал-Хурейсат Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакилларидан иборат делегацияни қабул қилиш чоғида Иордания Қироллиги ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар чуқур илдизларга эга эканини таъкидлади.
Вазирлик баёнотига кўра, Ал-Хурейсат ушбу меморандум аввалроқ бўлиб ўтган юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган Иордания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг Ижро дастури бандларини амалга ошириш доирасида имзоланганини таъкидлади.
Қайд этилишича, ушбу ҳамкорлик ўсимлик турлари ва навларини баҳолаш ҳамда ривожлантириш бўйича қўшма тажриба ва тадқиқотлар ўтказиш, илмий-техник билимлар билан ўртоқлашишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, икки мамлакат тадқиқотчилари ва мутахассисларининг ўзаро илмий ҳамда дала ташрифларини ташкил этиш орқали барқарор илмий-тадқиқот шериклигининг мустаҳкам пойдеворини шакллантиради.
Учрашувда Ўзбекистон томонига Иордания Миллий уруғчилик банкида сақланаётган дон ва сабзавот экинлари уруғлари намуналари топширилди.
Ушбу уруғлар тупроқ ва суғориш сувининг шўрланишига чидамлилиги билан ажралиб туради. Бу эса улардан шўрланиш шароитига янада мослашган навларни етиштиришга қаратилган тадқиқот дастурлари ва қишлоқ хўжалиги тажрибаларида фойдаланиш имконини беради.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам Иорданияга дон ва сабзавот экинлари уруғлари намуналарини тақдим этди.
Тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик доирасида “Авасси” зотининг устун генетик хусусиятларидан фойдаланиш ҳамда чорвачиликда генетик такомиллаштириш ва ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон томонига ушбу зотдор қўйлар ҳам топширилди.
Ўзбекистон томони Иордания Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Миллий қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказига икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси