Грузияда янги ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларида ўқиш бепул бўлади

Август 06, 2026. 11:30 • 2 дақ

51
Грузияда янги ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларида ўқиш бепул бўлади

ТБИЛИСИ, 6 август. /“Дунё” АА/. 2026–2027-ўқув йилидан бошлаб Грузия давлат университетларида талабалар учун таълим тўлиқ бепул бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Грузия Биринчи каналининг хабар беришича, ҳукумат таълим тўловини бекор қилиш билан бир вақтда талабаларнинг академик ўзлаштириши ва таълим жараёнидаги иштирокини оширишга қаратилган механизмларни жорий этмоқда.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, агар талаба бир семестр давомида иккита фанни ўзлаштира олмаса, бу унинг ўқув жараёнида етарлича иштирок этмагани сифатида баҳоланади. Бундай ҳолда, учинчи семестрдан бошлаб унинг таълимини давлат томонидан молиялаштириш ҳажми қисқартирилади.

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг сўзларига кўра, янги тизим ягона мақсадни кўзлайди – талабаларни ўқишга янада масъулият билан ёндашишга рағбатлантириш ҳамда академик ўзлаштиришнинг юқори даражасини сақлаб қолиш. Шу билан бирга, у Грузия тарихида илк бор давлат университетларида таълим тўлиқ бепул бўлишини таъкидлаб ўтди.

Грузия Миллий статистика хизмати (Геостат) маълумотларига кўра, 2025/2026-ўқув йили бошида мамлакатда 64 та олий таълим муассасаси фаолият юритган, улардан 19 таси давлат, 45 таси эса хусусий ҳисобланади. Талабаларнинг умумий сони 195,4 минг кишини ташкил этиб, уларнинг 55,3 фоизи давлат олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Грузия давлат университетларида бепул олий таълимни жорий этиш тўғрисидаги қарор таълим олиш имкониятини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Айни вақтда ҳукумат давлат молиялаштиришини талабаларнинг ўзлаштириши ва ўқув жараёнидаги фаол иштирокига боғлаган ҳолда юқори академик стандартларни сақлаб қолиш ниятида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш