Ўзбекистон ва Норвегия рақамли хизматларини Скандинавия, Европа, АҚШ IT-бозорига экспорт қилиш имконияти кўриб чиқилди
Август 03, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 95
ОСЛО, 3 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси, Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари ҳамда Норвегиянинг “Resilienza Holding AS” компанияси бош директори Дэвид Миланович иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида АКТ соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Норвегия компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Жиззах вилоятидаги IT-парк резиденти сифатида ташкил этилган “Varde Group” норвег компанияси фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини ҳал этиш ҳамда рақамли хизматларни Скандинавия, Европа ва АҚШ бозорларига экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда замонавий дата-марказ барпо этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида лойиҳанинг техник, инфратузилмавий ва инвестициявий жиҳатларини батафсил ўрганиш, тегишли таклифлар алмашиш ҳамда музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси