Покистон бизнесига Ўзбекистондаги 29 та тўқимачилик корхонасини сотиб олиш ёки бошқарувга олиш таклиф этилди
Апрель 04, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 81
ИСЛОМОБОД, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида икки мамлакат тўқимачилик саноати вакиллари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев ва “Indus Group” компанияси бош директори Асиф Хан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот жараёнида Ўзбекистон тўқимачилик саноатига Покистон инвестицияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони соҳанинг ҳозирги ҳолати, имкониятлари, давлат томонидан берилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Мамлакатда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг афзалликлари таъкидланди. МДҲ бозорларига имтиёзли кириш ва Европа Иттифоқининг “GSP+” тизими доирасидаги имкониятлар ҳам қайд этилди.
Томонлар молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, жумладан, имтиёзли кредитлар, хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун субсидиялар, халқаро кўргазмаларда иштирок этиш ва сертификат олиш масалаларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, замонавий ERP тизимларни жорий этишга ҳам эътибор қаратилди.
Учрашувда инфратузилмани ривожлантириш, хорижда омборлар ташкил этиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Покистон томонига Ўзбекистондаги 29 та тўқимачилик корхонасини сотиб олиш ёки бошқарувга бериш имконияти таклиф этилди.
Асиф Хан ўз навбатида “Indus Group” фаолияти ҳақида маълумот бериб, компаниянинг бир қатор мамлакатларда ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлигини ва халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. У таклиф этилган лойиҳаларни ўрганишга қизиқиш билдириб, Ўзбекистонга ташриф буюриш нияти борлигини айтди.
Музокаралар давомида тариф тўсиқлари, хомашё импорти ва ҳисоб-китоб тизимлари каби амалий масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Якунда томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мунтазам мулоқотни давом эттириш ва ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси