Ўзбекистон ва Вьетнамнинг етакчи компанияси ўртасида меморандум имзоланди
Декабрь 28, 2025. 15:12 • 2 дақ
• 108
ХАНОЙ, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. Ханой шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Вьетнамнинг “Vingroup” корпорацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Vingroup” корпорацияси 1993 йилда таъсис этилган бўлиб, саноат, технологиялар, автомобилсозлик ва инфратузилма қурилишига ихтисослашган Вьетнамнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоизни ташкил этади.
Меморандум доирасида томонлар Ўзбекистоннинг ривожланиш устувор йўналишларига мос инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ва ривожлантиришга келишиб олдилар. Хусусан, компания шаҳарсозлик соҳасида замонавий турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, бизнес марказлар ва савдо-кўнгилочар мажмуаларни барпо этишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар яшил трансформация, барқарор транспорт ва хизматлар тизимини ривожлантириш соҳасидаги имкониятларни ўрганиш ва амалга ошириш йўлларини муҳокама қилдилар. Имзоланган меморандум Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенгайтириш ва мамлакатни халқаро сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш мақсадида рекреация марказлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш учун замин яратади.
Мазкур меморандум икки мамлакат инвестициявий ҳамкорлигида янги босқич очиш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
“Vingroup” корпорацияси вице-президенти ва бош директори Нгуен Вьет Куанг:
- Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг салоҳиятли ва нуфузли давлати ҳисобланади. Мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва қулай инвестиция муҳити яратилган. Республика охирги йилларда ўзининг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан Осиёда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Ушбу Меморандум орқали компаниямиз Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор соҳаларида ижобий самара берадиган инвестиция лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси