Ўзбекистонлик мутахассислар Японияда АКТ ва сунъий интеллект бўйича тажриба орттирди
Октябрь 25, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 103
ТОКИО, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Японияда АКТ соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланишни ўрганишга қаратилган “BHN Human Development Program” дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур дастур 1–17 октябрь кунлари “Сунъий интеллект даврида ижтимоий тараққиёт учун ахборот-коммуникация технологиялари” мавзусида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Индонезия, Вьетнам, Филиппин, Бангладеш, Шри-Ланка, Камбоджа, Мьянма ва Лаосдан келган мутахассислар иштирок этди.
Тадбир доирасида тўққиз нафар иштирокчи дастур давомида эгаллаган билим ва кўникмалари ҳамда эришган натижалари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Дастурни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Шу билан бирга, “BHN” уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди. Томонлар рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Хидео Иноу, “BHN Association” президенти:
– Ўзбекистон ёшларининг билим олишга бўлган интилиши эътирофга лойиқ. Дастуримиз орқали ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириб, инновацион ривожланишни қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга, бундай малака ошириш дастурлари икки давлат ўртасидаги технологик шерикликни кенгайтиради.
Марказий Осиё марказида жойлашган ҳамда юқори демографик салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистонда янада жадал иқтисодий ўсиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Рақамли инфратузилмани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли Ўзбекистон АКТ ва сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Ясухико Ёшида, Хорижий давлатлар билан техник ҳамкорлик ва барқарор шериклик уюшмаси (AOTS) президенти:
– Замонавий технологиялар ва техник ечимларни ўрганишда мазкур дастурнинг аҳамияти катта. Биз BHN билан ҳамкорликни давом эттириш ва Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтиришга тайёрмиз.
Ташкилотимиз 1998 йилдан буён BHN ва NTT компанияси билан ҳамкорликда ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунга қадар 21 нафар ўзбекистонлик мутахассис Японияда амалиёт ўтаган бўлиб, уларга замонавий компьютер ускуналари ҳам тақдим этилган.
Румила Даутова, Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти бош мутахассиси:
– Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги BHN дастури билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳар йили вазирликнинг бир ёки икки нафар ходими ушбу дастур доирасида таҳсил олади.
Бир йиллик дастур икки семестрдан иборат. Биринчи семестр Малайзия билан ҳамкорликда онлайн шаклда ўтказилади. Бу даврда биз сунъий интеллектнинг ишлаш тамойиллари, Ўзбекистонда қўлланилиши мумкин бўлган илғор технологиялар ва инновацион ечимларни ўрганамиз.
Иккинчи семестр Японияда анъанавий (оффлайн) шаклда бўлиб ўтади. Биз япон профессорларининг маърузаларидан ташқари, Японияда аллақачон жорий этилган замонавий технологиялар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдик.
Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларига уюштирилган сафарлар биз учун жуда фойдали бўлди. Илғор ишланмалар билан танишдик ҳамда яқин йилларда бозорга чиқиши ва Ўзбекистонда татбиқ этилиши мумкин бўлган инновацион маҳсулотлар ва технологиялар ҳақида тасаввурга эга бўлдик.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси