Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти Малайзияда кенг тарғиб қилинмоқда
Ноябрь 18, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 15КУАЛА-ЛУМПУР, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонасида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳамда Ўзбекистон ва Малайзия туроператорларининг B2B форматдаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Бутунжаҳон суфийлар маркази бош котиби шайх Абдул Карим Ҳадайд, “BUMITRA” сайёҳлик компаниялари ассоциацияси раҳбарияти ва маҳаллий туроператорлар иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. У мусулмон давлатлари, жумладан, Малайзиядан келадиган зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.
Иштирокчилар икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани ва сайёҳлар оқими ошиб бораётганини таъкидладилар. Чет эллик сайёҳларни жалб қилиш учун Малайзия фуқароларига визасиз режим амал қилмоқда, “Uzbekistan Airways” ва “Batik Air Malaysia” авиакомпаниялари Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида ҳафтасига етти маротаба тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда.
Икки мамлакат туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B учрашувлар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Малайзияда “зиёрат туризми”, “маданий туризм” ва “қишки туризм” турпакетларини кенг сотиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


