Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Сентябрь 20, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 80
МИНСК, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида Коррупцияга қарши кураш бўйича Давлатлараро кенгашнинг XI йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда ноқонуний орттирилган активларни қайтариш, қонунчиликни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, рақамлаштириш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилик қилди. Ташриф доирасида Россия Бош прокуратураси билан 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ушбу ҳужжат коррупциянинг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш, коррупциявий хавфларни аниқлашда рақамли технологиялардан фойдаланиш, коррупцияга қарши маданиятни ривожлантириш ҳамда таълим лойиҳаларини йўлга қўйишни назарда тутади.
Ҳамкорликнинг дастлабки тадбирларидан бирини рақамли технологияларнинг коррупцияга қарши курашдаги имкониятларига бағишлаш режалаштирилган.
Йиғилишда мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. МДҲ Ижроия қўмитаси Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига коррупцияга қарши кураш соҳасида таълим берувчи МДҲ таянч ташкилоти мақомини бериш масаласини кўриб чиқишни қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги иштироки келгуси йилда янада кенгаяди. 2027 йилда мамлакат БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси бўйича конференциясининг 12-сессиясига мезбонлик қилади. Минскдаги учрашувда Россия томони ҳам Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши халқаро ҳамкорликдаги фаоллигини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси