Мадриддан муносабат: Сеул саммитидаги Ўзбекистон ташаббуслари Марказий Осиёнинг технологик имкониятларини янада кенгайтиради
Сентябрь 20, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 69
МАДРИД, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Пан-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 16 сентябрь куни Сеулда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитидаги нутқи ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитидаги нутқи билан диққат билан танишиб чиқдим. Нутқнинг чуқур мазмуни, стратегик ёндашуви ҳамда аниқ таклифлари муҳим аҳамиятга эга.
Давлат раҳбарининг “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш бўйича шериклик” узоқ муддатли концептуал қарашини шакллантириш, “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саноат-технология парки, муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини ташкил этиш, иқлим ва углерод бўйича ҳамкорликни ҳамда инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш тўғрисидаги ғоялари айниқса муҳим.
Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатидан кенгайтириш, ўзаро савдо ва сармояларни кўпайтириш, замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, рақамли ва “яшил” трансформацияни жадаллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Таклиф этилган “буюртма–тайёргарлик–ишга жойлашиш” тамойили алоҳида эътиборга лойиқ. Бу саъй-ҳаракатлар бизнес эҳтиёжларини минтақанинг таълим салоҳияти билан бевосита боғлаш ва ёшларга касбий ривожланишнинг ҳақиқий имкониятларини таъминлаш имконини беради.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклифлар кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Марказий Осиёнинг технологик имкониятларини ошириш ва Корея Республикаси билан ўзаро манфаатли шерикликнинг янги даражасини шакллантириш учун амалий асос бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси