Ўзбекистон экспортчилари учун Шанхай ва Урумчи шаҳарларида бизнес-миссиялар ташкил этилди
Август 13, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 111ПЕКИН, 13 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон экспортчи корхоналари вакиллари учун Хитойнинг Шанхай ва Урумчи шаҳарларида бизнес-миссиялар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган хизмат сафарида Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан экспортчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Шанхайда маҳаллий йирик импортёрлар, савдо тармоқлари ва электрон тижорат платформалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон маҳсулотларини Хитой бозорига етказиб бериш географиясини кенгайтириш ва тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувларда Ўзбекистон корхоналари ўзининг ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулот ассортименти, сифат кўрсаткичлари, экспорт тажрибаси ва етказиб бериш имкониятларини тақдим этди. Хитойлик ҳамкорларга маҳсулот намуналари, каталоглар ва тижорат таклифлари тақдим этилди.
B2B форматидаги музокараларда импорт тартиб-таомиллари, нарх шаклланиши, логистика, маркировка, сертификатлаш ва маҳсулотларни сотув каналларига чиқариш масалалари кўриб чиқилди.
Бизнес-миссиянинг Урумчидаги дастури доирасида ҳам маҳаллий импортёрлар ва савдо компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, бонд зонасида Ўзбекистон корхоналарининг экспорт салоҳияти, маҳсулот турлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва Хитой бозори учун таклифлари юзасидан тақдимотлар ташкил этилди.
Шунингдек, бонд зонаси ҳудудида Ўзбекистон маҳсулотларини намойиш этиш ва сотишга мўлжалланган миллий кўргазма-савдо маркази очилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



