АҚШ давлат департаменти “туғуруқ туризмига” қарши ишчи гуруҳи тузди

Август 13, 2026. 12:17 • 2 дақ

45
АҚШ давлат департаменти “туғуруқ туризмига” қарши ишчи гуруҳи тузди

ВАШИНГТОН, 13 август. /“Дунё” АА/. АҚШ давлат департаменти “туғуруқ туризми”, яъни фарзанд кўриш ва унга Америка фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатга ноиммиграцион виза билан кириш амалиётига қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳи тузди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлат департаментининг маълум қилишича, янги тузилма бундай ҳолатларни аниқлайди, қоидабузарлар ва уларга кўмаклашган шахсларнинг визаларини бекор қилади ҳамда тижорий воситачилар фаолиятига чек қўяди. Идора маълумотларни бошқа федерал органлар, жумладан, Ички хавфсизлик вазирлиги билан биргаликда таҳлил қилмоқчи.

Давлат департаментининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар 600 нафардан ортиқ хорижий фуқаронинг визаси бекор қилинган. Идоранинг тушунтиришича, ҳужжатлар шахснинг АҚШга кириши учун номақбул бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи аломатлар мавжуд бўлганда бекор қилинади.

Америка ҳукумати маълумотларига кўра, ушбу амалиёт атрофида даромадли саноат шаклланган. Ўзларини доула, доя ёки соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатчи деб таништирадиган воситачилар АҚШда туғуруқни ташкил этиш, виза олиш ва шифохона танлашда ёрдам таклиф қилмоқда. Айтилишича, уларнинг баъзилари тиббий ҳужжатларни сохталаштириб, мижозларига сафарнинг асл мақсадини яширишни ўргатади.

Текширувлар давомида виза расмийлаштиришда ёлғон маълумот тақдим этиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Бир жуфтлик АҚШда фарзанд кўриш ниятида бўла туриб, сафар мақсади сифатида икки марта анжуман ва дам олишни кўрсатган. Бошқа бир ҳолатда, хорижлик давлат хизматчиси бир ҳафталик хизмат сафари учун виза олган, бироқ мамлакатда уч ой қолиб, фарзандли бўлган. Яна бир аёл Орландога кетаётганини айтиб, Лос-Анжелесга йўл олган ва мамлакатга кирганидан беш кун ўтиб, фарзандини дунёга келтирган.

Давлат департаменти сафарнинг асл мақсадини қасддан яшириш виза олиш ёки АҚШга киришдан умрбод маҳрум қилишга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Америка фуқаролиги сотилмайди”, – дея таъкидлади давлат котиби Марко Рубио. У ҳукумат “туғуруқ туризмини” ташкил этиш билан шуғулланувчи тармоқларни йўқ қилиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланишини қайд этди.

“EPA” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш