Осиё ўйинларида Ўзбекистон 34 медаль билан тўртинчи ўринга кўтарилиб олди
Сентябрь 26, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 121АИЧИ-НАГОЯ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Японияда давом этаётган XX ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 34 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринга кўтарилиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар медаллар жамғариш бўйича тобора юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, енгил атлетикада Сухроб Хўжаев босқон улоқтириш баҳсида 74,38 метр натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларида ҳам спортчиларимиз қатор совринларни қўлга киритди. Жумладан, эркаклар ўртасида К1 дастурининг 500 метр масофасида Шаҳриёр Маҳкамов чемпион бўлди. Арина Танатмишева ҳамда Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги эса ўз дастурларида кумуш медалларга эга чиқди.
Спорт гимнастикасида Расулжон Абдураҳимов қўшпоя дастурида 14,433 балл билан бронза медалини қўлга киритди.
Футбол бўйича Ўзбекистон U23 терма жамоаси ҳам мусобақани муваффақиятли давом эттирмоқда. Равшан Ҳайдаров шогирдлари чорак финалда Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Дилшод Муртазоев, Азизбек Тўлқинбеков ва Фирдавс Абдураҳмонов голлар киритди. Энди терма жамоамиз 30 сентябрь куни ярим финалда Япония–КХДР учрашуви ғолибига қарши баҳс олиб боради.
Осиё ўйинларининг 26 сентябрь кунги дастурида Ўзбекистон вакиллари бир қатор спорт турларида баҳсларга киришади. Медаллар учун энг муҳим беллашувлар енгил атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, оғир атлетика, синхрон сузиш ҳамда боксда кутилмоқда.
Жумладан, Арина Танатмишева 500 метр масофада А финалда, Владлен Денисов ва Нилуфар Зокирова эса микст дастурида медаль учун кураш олиб боради.
Боксда Ситора Турдибекова ва Самандар Олимов рингга чиқади. Оғир атлетикада Адҳамжон Эргашев ҳамда Диёрбек Рўзметов финал баҳсларида иштирок этади.
Шунингдек, Ўзбекистон эркаклар хоккей терма жамоаси Хитойга қарши, аёллар гандбол жамоаси эса Қозоғистонга қарши майдонга тушади.
Айни пайтда медаллар жадвалида Хитой, Япония ва Жанубий Корея кучли учликни банд қилган. Ўзбекистон эса 8 та олтин, 17 та кумуш ва 9 та бронза медаль билан кучли тўртликдан жой олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







