Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ўртасида янги шериклик шартномалари имзоланди

Сентябрь 26, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 90
Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ўртасида янги шериклик шартномалари имзоланди
Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ўртасида янги шериклик шартномалари имзоланди

МИНСК, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида “UzTextile Mission 2026” доирасида халқаро B2B форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон ва Беларусдан 120 нафардан ортиқ тадбиркор қатнашди. Иштирокчилар ўзаро хомашё ва тайёр маҳсулотлар етказиб бериш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоқларида ишлаб чиқариш кооперацияси ҳамда қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилди.

Юртимиз ишбилармонлари икки давлат ўртасида бир-бирини тўлдирувчи ишлаб чиқариш имкониятлари мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистонда ривожланган хомашё ва ишлаб чиқариш базаси, жумладан, пахтани қайта ишлаш, ип-калава, мато ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд. Беларусь эса кенг кўламли саноат тажрибасига, хусусан, зиғир ва жун тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятга эга.

Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Тармоқ корхоналари томонидан дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига йилига 3 миллиард доллардан зиёд маҳсулот етказиб берилмоқда. Юртимизда ҳар йили 100 дан ортиқ янги тўқимачилик корхонаси ташкил этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида “Беллегпром”, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда ташкилотчи компания “EXPOGATE” вакиллари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Икки мамлакат компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри B2B форматида музокаралар ҳам ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ип-калава, трикотаж, уй тўқимачилиги ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар беларуслик ҳамкорлар билан ўзаро етказиб бериш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва қўшма лойиҳалар истиқболлари хусусида фикр алмашди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри шартнома келишувларига эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш