Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари илк бор ЖАРдаги кўргазмада намойиш этилди
Июль 18, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 118КЕЙПТАУН, 18 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тўқимачилик соҳаси вакилларидан иборат делегация Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) ўтказилаётган “AllFashion Sourcing Cape Town 2026” халқаро кўргазмасида илк бор иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу халқаро кўргазмада Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Руҳулло Зикриллаев ҳамда элчихона дипломатлари қатнашди. Кўргазма 12 мамлакатдан қарийб 3 минг иштирокчини бирлаштирди. Унда 150 га яқин компания ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этди.
Мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ташриф давомида вакилларимиз 90 квадрат метр майдонда миллий маҳсулотларимизни намойиш қилди. Унда тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган 10 га яқин маҳаллий корхона, жумладан, “Mollis”, “Bonito Textiles” ва “Sultontex” томонидан тайёр кийим-кечаклар, трикотаж маҳсулотлари, пахта ип-каласи, газламалар ва бошқа маҳсулотлар тақдим этилди.
Ишбилармонлик дастури доирасида ЖАР Миллий кийим-кечак чакана савдо федерацияси (NCRF) ижрочи директори Майкл Лоуренс ҳамда “Woolworths”, “Mr Price”, “Pepkor” каби йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон корхоналари маҳсулотлари жанубий африкалик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Музокаралар чоғида ЖАР бозорига тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш, харидлар ва дистрибуция соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий компанияларнинг халқаро соҳавий кўргазмаларда иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




