Владивостокда Ўзбекистон маҳсулотларини Россиянинг Узоқ Шарқига экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди
Июль 17, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 89
ВЛАДИВОСТОК, 17 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Ҳожиакбар Ваҳобов “Диалоги” халқаро бизнес клуби президенти Инесса Бабич билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда ташқи савдо соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва уларга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, “Диалоги” халқаро бизнес клуби фаолияти ва имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларнинг Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудларига экспортини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ҳудудлар ўртасида логистика йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда Владивосток шаҳрида бизнес-форум ўтказиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат давомида Инесса Бабич Приморск ўлкасида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этишга тайёр эканини билдирди. У клуб аъзолари учун Ўзбекистон бўйлаб бизнес-тур ташкил этиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Приморск ўлкаси тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси