Наманган – дунё гуллар пойтахтига айланмоқда
Июнь 08, 2026. 08:10 • 6 дақ
• 21НАМАНГАН, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Наманганда бўлиб ўтаётган 65-халқаро гуллар фестивали санъат, табиат ва инсон қалбини ягона гўзаллик атрофида жамулжам этибгина қолмасдан, турли миллат вакилларини ўзаро аҳиллик ва бирдамликка чорламоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу халқаро гуллар байрамида МДҲ мамлакатлари ҳамда Европа ва Осиёнинг элликка яқин давлатларидан келган сайёҳлар, ўнлаб хорижий давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, чет эл компаниялари инвесторлари, нуфузли меҳмонлар, маданият ва санъат намоёндалари ҳамда юртимиз аҳли иштирок этмоқда.
Эътиборлиси, бу галги юбилей фестивалда Наманган вилояти дунё миқёсида оламшумул натижани қайд этиб, “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп гул экиш” номинацияси бўйича “Guinness World Records” ташкилоти томонидан расман жаҳон рекорди сифатида эътироф этилди ҳамда Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди.
Гиннеснинг рекордлар китоби расмий вакили ва ҳаками Шейда Субаши ҳам ушбу рекордни расман тасдиқлаб, бу улкан натижа юқори даражадаги ҳамжиҳатлик ва умумий мақсад йўлида бирлашган саъй-ҳаракатлар самараси эканини таъкидлади. У Наманганга ташриф буюриб, ҳудуд ҳақиқатдан ҳам гўзаллик ва нафосат масканига айланганини эътироф қилди.
Дарҳақиқат, бу йилги халқаро гуллар фестивали ҳар сафаргидан ўзгача ва юқори савияда ташкил этилмоқда. Буларнинг бари меҳнаткаш Наманган аҳлининг ҳамжиҳатликда амалга оширган саъй-ҳаракатлари самарасидир. “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп гул экиш” номинацияси бўйича Гиннес жаҳон рекордлари ташкилоти томонидан белгиланган минимал талаб – бир миллион дона гул кўчати экиш эди. Наманган вилояти аҳолиси эса бир ой давомида танлаб олинган бир ҳудуднинг ўзида жами 29 миллион 400 мингдан ортиқ гул экишга муваффақ бўлди.
1961 йилдан буён ўтказиб келинаётган Наманган гуллар фестивали бугун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ва нуфузли сайёҳлик ҳамда маданий тадбирлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Юбилей байрам тантаналарида гуллар автопаради кўпчиликда катта таассурот қолдирмоқда. Юртимиз байроғи билан безатилган турли автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача бўлган, турфа гуллар билан безатилган 300 дан зиёд транспорт воситалари карвони фестиваль меҳмонларига шодлик улашмоқда.
24 майдан 12 июлга қадар давом этадиган ушбу фестиваль нафақат гуллар кўргазмаси, балки маданий, спорт, илмий ва кўнгилочар тадбирларга бойлиги билан меҳмонларда ўзгача қизиқиш уйғотмоқда.
“Fashion Days” халқаро мода намойишлари, гала-концертлар, автопарад, очиқ осмон остидаги симфоник концерт, турли кўргазмалар, туризм, инвестиция ва ишбилармонликка бағишланган халқаро форумлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон халқ артистлари, жумладан, Юлдуз Усмонова, Женисбек Пиязовнинг катта концерт дастурлари фестиваль иштирокчиларида ёрқин лаҳзаларни туҳфа этди. Шу билан бирга, дунёга машҳур хонанда ва композитор Эльбрус Джанмирзоевнинг ҳам фестивалга ташрифи режалаштирилган.
Катталар ва болалар учун спектакллар, цирк томошалари, симфоник оркестр концерти, ретро қўшиқлар, аския ва кулгу кечалари, “Дунё таомлари Наманганда” гастрономик фестивали, “Лаванда сайли” ва замонавий “Дрон-шоу”лар томошабинларга унутилмас таассурот бағишламоқда.
Спорт мухлислари учун ҳам қизиқарли мусобақалар ўтказилиши кўзда тутилган. Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати, соҳил кураши, мотокросс мусобақалари, халқаро кураш турнири ва этноспорт ўйинлари мухлисларга унутилмас дамларни туҳфа этиши шубҳасиз.
Шунингдек, йирик халқаро тадбирлар – Осиё ишбилармон аёллари халқаро форуми, Наманган туризм салоҳияти инфлюенсерлар нигоҳида халқаро форуми, “Ахсикент тарихи: янгича қараш, таҳлил ва тадқиқотлар” мавзуида халқаро анжуман, “Наманган III халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси, Кинокарвон” лойиҳаси, Ҳиндистон маданият кунлари юртимиз аҳли ва меҳмонларига ёрқин лаҳзалар туҳфа этмоқда.
Фестиваль доирасида илмий ва амалий анжуманлар, биохилма-хилликни сақлаш, сунъий интеллект истиқболлари, туризм ва иқтисодиётга бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилмоқда. Бу фестивалнинг нафақат маданий, балки илмий аҳамияти ҳам юқори эканини кўрсатмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ҳокимлигида Туркия, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон каби давлатларнинг маданият ва адабиёт намояндалари, дипломатик корпус вакиллари иштирокида бўлиб ўтган қатор учрашувларда икки томонлама муҳим масалалар муҳокама қилинди.
65-халқаро гул байрами, энг аввало, маҳаллалардан бошлангани билан аввалгиларидан фарқ қилмоқда. Яъни, бу йил вилоятдаги мавжуд 754 та маҳалланинг барчаси фестиваль иштирокчисига айланди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча ва маҳалла гулзорларга бурканди. Улар ўртасида “Энг гулзор, энг обод маҳалла” кўрик-танлови ўтказилмоқда. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, фестиваль якунида ғолиблар муносиб тақдирланади.
Гуллар фестиваллари – бу оддий кўргазма ёки сайр эмас. Улар инсоннинг табиатга бўлган муҳаббати, маданияти ва гўзалликка интилишини намоён этадиган ноёб тадбирдир. Дунёда шундай фестиваллар борки, улар нафақат миллионлаб сайёҳларни жалб қилади, балки бутун мамлакатнинг рамзига ҳам айланган.
Хусусан, Нидерландиядаги машҳур “Keukenhof Tulip Festival” (Кеукенҳоф лолалар фестивали) дунёдаги энг машҳур фестиваллардан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили миллионлаб лолалари экилиб, ранг-баранг гуллар ҳақиқий санъат асаридек жойлаштирилади.
Япониядаги “Hanami Cherry Blossom” (Ҳанами сакура гуллари) фестивали сакура гулларини томоша қилиш анъанаси билан машҳур. АҚШда ўтадиган “Rose Parade” (Атиргуллар паради) фестивалида машиналар миллионлаб атиргул барглари билан безатилади.
Колумбиядаги “Medellín Flower Festival” (Меделлин гуллар фестивали) халқ анъаналари билан ажралиб туради. Бу ерда инсонлар елкаларида улкан гул композицияларини кўтариб юришади. Буюк Британиядаги “Chelsea Flower Show” (Челси гуллар кўргазмаси) эса ландшафт дизайни бўйича дунёдаги энг нуфузли фестиваллардан бири ҳисобланади.
Аҳамиятлиси, юқорида номлари келтирилган халқаро нуфузли фестиваллар ташкилотчилари ва иштирокчилари Наманганда бўлиб ўтаётган халқаро гуллар фестивалида иштирок этиб, жараёнларни мунтазам равишда кузатмоқда. Улар: “Энди дунёнинг қайси ҳудудида гулзорни кўрсак, Наманган ҳам ёдимизга тушади”, дея фестиваль ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.
65-Халқаро гуллар фестивали ҳақидаги мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кўплаб мақолалар эълон қилиш ҳамда юртимизни жаҳонда кенг тарғиб этиш мақсадида журналистлар учун турли пресс-тур ва матбуот анжуманлари ҳам ташкил этилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги томонидан ушбу гуллар байрамини халқаро миқёсда кенг ёритиш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизда доимий аккредитациядан ўтган етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус пресс-тур ташкил этилди. Мазкур пресс-турда Туркиянинг “TRT Avaz”, Озарбайжоннинг “Xalq Gazeti”, Хитойнинг “Xinhua News Agency”, Россиянинг “Regnum”, Қирғизистоннинг “Alliance Press” каби хорижий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консуллик ваколатхоналари билан доимий мулоқот ўрнатилиб, халқаро туризм ярмарка ва кўргазмалари ҳамда Европа ва Осиё мамлакатларида Халқаро гуллар фестивали ҳақида “Road show” намойишлари ўтказилмоқда. “BBC Uzbek”, “Euronews”, “Anadolu”, “Kazinform”, “Kabar”, “Ria Novosti”, “Sinxua”, “Fars news” каби кўплаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида ушбу тадбир мунтазам ёритилиб келинмоқда.
Наманганда халқаро гуллар фестивали учун минглаб ёки миллионлаб эмас, балки юз миллионлаб гул кўчатлари экилади. Жумладан, 2025 йилда фестивалга тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича жами 100 миллион туп гул кўчати экилган бўлса, жорий йилда бу миқдор 150 миллион тупга етказилди. Рақамлардан англаш мумкинки, Ўзбекистоннинг гуллар пойтахтида бўлиб ўтаётган Халқаро гуллар фестивали ёрқин лаҳзалар ва унутилмас таассуротларга бой ўтмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









