Параосиё ўйинларида Ўзбекистон 71 медаль билан иккинчи ўринда бормоқда
Октябрь 21, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 80АИЧИ–НАГОЯ, 21 октябрь. / “Дунё” АА/. Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари юқори натижаларни қайд этиб, мамлакатимиз медаллар жамғармасини бойитмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мусобақаларда юртимизнинг 150 нафарга яқин вакили спортнинг 11 тури бўйича иштирок этмоқда. Хусусан, айни пайтгача ҳамюртларимиз пара енгил атлетика, пара сузиш, пара дзюдо, пара пауэрлифтинг ва пара велоспорт каби йўналишларда олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
20 октябрь кунги беллашувларда ўзбекистонлик спортчилар 33 та медалини қўлга киритди. Айниқса, пара енгил атлетика мусобақаларида Мадина Мухторова ядро улоқтириш бўйича Осиё рекордини, Наврўза Ахматова эса мазкур йўналишда Параосиё ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медалларга эришди.
Пара сузишда Дмитрий Хорлин, Мубинабону Халилова ва Азизбек Бойназаров ғолиблар сафидан жой олди. Пара пауэрлифтингда Ақидахон Ахтамова ва Муслима Нуриддинова олтин медалларни қўлга киритди. Ақидахон Ахтамова ўз натижаси билан мусобақа рекордини ҳам янгилади.
Пара велотрекда Боймурод Явкочев 4 минг метрга якка таъқиб пойгасида чемпион бўлди. Пара дзюдода Шоҳрух Мамедов, Муҳаммад Абдуқулов ва Кумушхон Ходжаева олтин медалларга сазовор бўлди.
Бугун ҳам ҳамюртларимиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишда давом этмоқда. Ҳозиргача пара велоспортнинг T1–2 классида аёллар ўртасидаги вақт пойгасида Маржона Пардабоева олтин, Одина Ҳамдамова кумуш медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасида эса Жаҳонгир Халилов бронза медалига эга чиқди.
Пара пауэрлифтингда Бекзод Жамилов 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида 229 килограмм тошни кўтариб, чемпионликни қўлга киритди. Рухшона Ўктамова эса 67 килограммгача бўлган вазн тоифасида 127 килограмм натижа билан олтин медалга сазовор бўлди.
Пара дзюдода Довурхон Кароматов олтин, Моҳинур Пармонова кумуш, Ҳабиба Жўраева ва Феруза Эргашева бронза медалларини қўлга киритди. Пара енгил атлетикада Моҳигул Шаробиддинова кумуш, Ботир Муҳаммедов ва Темурбек Ғиёсов бронза медалларини қўлга киритди.
Пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича эркаклар ўртасида C1–C5 классларида вақтга қарши пойга баҳслари бўлиб ўтди. Ушбу дастурда иштирок этган ҳамюртимиз Бунёд Ҳайитмаҳаммадов 25:39.46 натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медалига эга чиқди.
Ушбу натижалардан сўнг ҳамюртларимиз ҳисобида 21 та олтин, 27 та кумуш ва 23 та бронза, жами 71 та медаль мавжуд. Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида Хитойдан кейин иккинчи ўринда бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









