Ўзбек тилининг халқаро майдондаги ўрни ва мавқеи тобора юксалмоқда
Октябрь 21, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 135
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Журналистика соҳасида “Олтин қалам” миллий мукофоти ғолиби Фарида Исломова 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Дунё” АА орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Тил – миллатнинг маънавий бойлиги, тарихий хотираси ва миллий ўзлигининг ифодасидир. Давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлаш нафақат маданий, балки давлатчилик, тараққиёт ва мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилувчи стратегик вазифадир.
Бугун Янги Ўзбекистонда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрнини кучайтириш ва халқаро майдондаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ўзбек тилини ривожлантириш концепциясининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Сўнгги йилларда ўзбек тилида луғатлар нашр этиш, географик номларни тартибга солиш, тил ўрганиш танловлари ва диктантлар ташкил этиш, хорижликлар учун таълим имкониятларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбек тилида матнни нутққа ва нутқни матнга айлантириш, таржима қилиш каби рақамли ечимларни ривожлантириш учун замонавий имкониятлар яратилмоқда.
Бу жараёнда Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Зеро, дипломатия мамлакатнинг миллий манфаатлари, тарихи ва қадриятларини халқаро ҳамжамиятга етказиш воситасидир.
Давлат тилида аниқ ва саводли иш юритиш, расмий ҳужжатларда ягона тил меъёрларига амал қилиш дипломатик хизмат сифатини оширади. Ўз тилини пухта биладиган ва хорижий тилларда эркин мулоқот қила оладиган дипломат мамлакат манфаатларини янада самарали ҳимоя қилади.
Вазирлик тизимида ходимларнинг тил маданиятини юксалтириш, лотин ёзувидаги саводхонлигини ошириш, давлат тилига бағишланган кутубхона фаолиятини йўлга қўйиш, “Энг фаол китобхон” танлови ва умуммиллий диктантларни ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Дипломатик атамалар луғатини шакллантириш ҳам соҳада ягона ва аниқ тил меъёрларини қарор топтиришга хизмат қилади.
Ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишда маданий дипломатия ҳам муҳим аҳамиятга эга. Алишер Навоий ва Абдулла Орипов каби ижодкорларимизнинг мероси, адабий асарлар таржимаси, хорижий университетларда ўзбек тилини ўрганиш дастурлари ҳамда маданият марказлари миллий қадриятларимизни дунёга танитиш имконини беради.
Энг муҳими, тилнинг халқаро нуфузи уни тарғиб қилиш билангина эмас, балки замонавий илм-фан, таълим, технология ва халқаро мулоқотда самарали қўлланилиши билан ҳам белгиланади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат тилини асраш ва ривожлантириш ҳар бир ташкилот ва фуқаронинг умумий масъулиятидир. Ўзбек тилини миллий меросимиз сифатида қадрлаш, уни замон талабларига мос равишда ривожлантириш ва жаҳонга кенг танитиш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси