Қашқадарёлик ёшлар амалиёт ўташ учун Германияга боради

Октябрь 21, 2026. 17:50 • 3 дақ

• 85
Қашқадарёлик ёшлар амалиёт ўташ учун Германияга боради

ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган “Касблар шаҳарчаси” фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, қиймати 42 миллиард сўм бўлган техникум 5,2 гектар майдонда жойлашган. Унинг таркибида ўқув бинолари ва лабораториялар, устахоналар, ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона ва “Касблар шаҳарчаси” барпо этилган. Жами 14 та бино ва иншоотни қамраб олган муассасада 80 та иш ўрни яратилган.

Ҳозир бу ерда 10 та йўналиш бўйича 417 нафар ёш таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнига Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси татбиқ этилмоқда.

Техникум вилоятдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам методик ва амалий база бўлиб хизмат қилади. Уларда таҳсил олаётган 2 минг 800 нафар ўқувчи шу ерда амалиёт ўтайди. Амалиёт ва дуал таълимни ташкил этиш бўйича 32 та йирик ташкилот билан шартномалар тузилган, яна 11 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Йил якунига қадар 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари стажировкага кетаётган бир гуруҳ ёшлар билан суҳбатлашди.

Шунингдек ўқинг

– Барча саъй-ҳаракатларимиз сизлар касб эгаллашингиз учун. Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар. Бугун сизларга шундай имконият бериляпти. Ундан тўғри фойдалансангиз, ўзингиз, фарзандларингиз ва невараларингиз учун фаровон ҳаётга замин яратасизлар. Шунинг учун бир дақиқангиз ҳам бекор ўтмасин, – деди Президентимиз.

Суҳбатда мактаб давриданоқ касб ва тил ўргатишга эътибор бериш зарурлиги ҳам таъкидланди. “Касблар шаҳарчаси” шу мақсадда мактаб ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни касбга йўналтириш учун ташкил этилган.

Ёшлар бу ерда ахборот технологиялари, “яшил” энергетика, робототехника, дронларни бошқариш ва электромобилларга хизмат кўрсатиш каби йўналишлар билан танишади. Шунингдек, тикувчилик, ошпазлик, сантехника, зоотехника ва агрономия бўйича амалий кўникмаларни эгаллайди.

Вилоятда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари янги мутахассисларга эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис, техникум имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, таълим дастурларини иш берувчилар талабига мослаштириш ва ёшларни янги корхоналар учун мақсадли тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шу ерда Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги замонавий ёндашувлар ҳамда Германия билан ҳамкорликдаги истиқболли қўшма лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш