Ўзбек диаспораси Калифорниядаги халқаро болалар фестивалида иштирок этди

Август 27, 2026. 11:30 • 2 дақ

100
Ўзбек диаспораси Калифорниядаги халқаро болалар фестивалида иштирок этди
Ўзбек диаспораси Калифорниядаги халқаро болалар фестивалида иштирок этди
Ўзбек диаспораси Калифорниядаги халқаро болалар фестивалида иштирок этди

КУПЕРТИНО, 27 август. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Купертино шаҳрида ўтказилган “Kids’N Fun Festival” халқаро болалар фестивалида ўзбек диаспораси вакиллари ҳам фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу йилги тадбирда дунёнинг 20 га яқин мамлакати маданияти ва урф-одатлари намойиш этилди. Миллий экспозициялар орасида ўзбек жамоатчилиги маркази (Uzbek Community Center of San Francisco Bay Area – UCCSFBA) томонидан ташкил этилган Ўзбекистон павильони кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

UCCSFBA Шимолий Калифорниядаги фаол диаспора ташкилотларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ватандошларни жипслаштириш ва миллий маданиятни кенг тарғиб қилиш масалаларида ушбу марказ билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўзбекистон павильони давлат рамзлари, миллий либослар, дўппилар, хонатлас ва атлас матолар ҳамда амалий санъат буюмлари билан ёрқин безатилди. Ташриф буюрувчиларга мамлакатимиз тарихи, бой маданий мероси, диққатга сазовор жойлари ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида ахборот материаллари ҳам тақдим этилди.

Фестиваль давомида диаспора фаоллари меҳмонларни миллий урф-одатлар ва анъаналар билан таништириб, юртимизнинг тарихий-маданий мероси ҳамда замонавий тараққиёти ҳақида сўз юритди. Экспозиция, айниқса, оилавий ташриф буюрган меҳмонлар ва болаларда катта қизиқиш уйғотди.

Бу каби кенг миқёсли тадбирларда ватандошларнинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини оммалаштиришга, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга ҳамда ўзбек диаспорасининг маҳаллий ҳамжамият билан алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш