Ўзбекистонлик ёш мусиқачилар Германиядаги халқаро фестивалда муваффақиятли иштирок этди
Июнь 03, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 48АРЕНСБУРГ, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Шлезвиг-Гольштейн федерал ўлкасидаги Аренсбург шаҳрида 28 май – 1 июнь кунлари бўлиб ўтган XIX Халқаро камер оркестри фестивалида Ўзбекистоннинг ёш мусиқачилари ҳам муваффақиятли иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фестивалда сўзга чиққан шаҳар мэри Эккарт Бёге мазкур мусиқа форуми меҳмон давлатлари қаторига Ўзбекистон ҳам қўшилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб, бу ташаббус халқларимиз ўртасида янги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Эътиборлиси, анжуманнинг илк концерт дастури айнан Ўзбекистон вакиллари – бадиий раҳбар ва истеъдодли дирижёр Аъзамхон Аҳмедов раҳбарлигидаги симфоник оркестр мусиқачиларининг чиқиши билан бошланди. Ёш ижрочилар юқори ижро маданиятини намоён этиб, Германия жамоатчилигига жаҳон классик мусиқаси дурдоналари билан бир қаторда ўзбек миллий бастакорларининг сара асарларини ҳам маҳорат билан тақдим этди.
Миллий оҳанглар ва академик ижро анъаналарининг замонавий талқиндаги уйғунлиги томошабинларда чуқур таассурот қолдириб, уларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди.
Оркестр таркибидаги кларнетчи Асилбек Йўлдошев, скрипкачи Саидрасул Абдураҳмонов, виолончелчи Заретта Ибрагимова ва арфачи Александра Жарикова ўзларининг профессионал маҳорати ҳамда халқаро саҳналардаги юқори салоҳиятини яққол намоён қилди.
Фестиваль доирасида вакилларимиз якуний қўшма концертда ҳам иштирок этиб, мусиқа воситасида халқаро маданий мулоқот ва дўстлик кўприкларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.
Концертга ташриф буюрган томошабинларга Туризм қўмитаси томонидан тақдим этилган, юртимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи ахборот материаллари тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







