“Travel Trade Journal” Ҳиндистон сайёҳлик компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга люкс тоифасидаги танишув тури ҳақида мақола чоп этди
Июнь 03, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 64
ДЕҲЛИ, 3 июнь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг ихтисослашган “Travel Trade Journal” туристик портали “Kazin DMC” компанияси томонидан Ўзбекистонга ташкил этилган люкс тоифасидаги танишув тури якунларига бағишланган мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу материал халқаро сайёҳлик ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётганининг ҳамда мамлакатимизни замонавий ва жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилиш борасидаги изчил ишларнинг навбатдаги ифодаси бўлди.
Нашрнинг хабар беришича, олти кунлик тур Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро ва Самарқанд каби асосий сайёҳлик марказларини қамраб олди. Унда Ҳиндистоннинг турли ҳудудларига тегишли сайёҳлик агентликлари вакиллари иштирок этди.
Дастурдан тарихий диққатга сазовор жойларни томоша қилиш, юқори даражадаги мажмуаларда истиқомат қилиш, миллий таомлар билан танишиш, савдо марказларига ташриф буюриш, шунингдек, замонавий туристик инфратузилма ва меҳмондўстлик индустрияси намойиши ўрин олди.
Нашрда “Kazin DMC” бош директори Роҳит Шорининг сўзларидан келтирилган иқтибосга кўра, турнинг асосий мақсади ҳамкорларга нафақат тарихий обидаларни кўрсатиш, балки янги, замонавий ва жадал ривожланаётган Ўзбекистонни кашф этишга кўмаклашишдан иборат бўлди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тур доирасида Ўзбекистон Ҳиндистон бозори учун “люкс” тоифасидаги саёҳатчилар, MICE-туризм, шунингдек, индивидуал ва гуруҳларга бирлашган саёҳатлар учун нафис ҳамда долзарб танлов сифатида тақдим этилди.
“Travel Trade Journal” журналидаги мақола бу каби профессионал турларнинг муҳим аҳамиятини яққол намойиш этади. Бундай ташрифлар, хусусан, уларнинг иштирокчиларига янги меҳмонхоналар, замонавий ресторанлар ва фаол дам олиш имкониятларини ўз кўзлари билан кўриш имконини беради.
Ҳиндистонлик туроператорларнинг шахсий тажрибаси янги, сифатли туристик пакетларни яратиш учун асос бўлмоқда.
Етакчи ихтисослашган хорижий оммавий ахборот воситаларида бундай мазмундаги материалларнинг чоп этилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги танилишини оширишнинг муҳим элементи ҳисобланади. Улар мамлакатимизнинг люкс ва ишбилармонлик туризмининг жиддий иштирокчиларидан бирига айланаётганини тасдиқламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




